Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритилади
(last modified Fri, 14 Dec 2018 11:25:18 GMT )
декабр 14, 2018 16:25 Asia/Tashkent
  • Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритилади
    Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида” Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида” қонунига қуйидаги ўзгартишлар киритилиши мумкин:

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 3 сентябрда қабул қилинган “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги 938-XII-сонли Қонунига қуйидаги ўзгартишлар киритилади:

27-модданинг иккинчи қисмидаги “саккиз баробари” деган сўзлар “ўн баробари” деган сўзлар билан алмаштирилади;

31-модданинг олтинчи қисмидаги “саккиз баробаридан” деган сўзлар “ўн баробаридан” деган сўзлар билан алмаштирилади.

2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштиради;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминлайди.

3-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда мазкур Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ва аҳоли ўртасида моҳияти ва аҳамиятини тушунтирилишини таъминлайди.

4-модда.  Ушбу Қонун 2019 йилнинг 1 январидан эътиборан кучга киради.

“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида” Қонуннинг 27-моддаси - Иш стажи учун пенсияларнинг оширилиши. Иккинчи қисми - Отасидан ҳам, онасидан ҳам жудо бўлган (чин етим) болаларга тайинланадиган боқувчисини йўқотганлик пенсияларини ошириш ота ва она иш ҳақларининг умумий миқдоридан келиб чиқиб, энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробари миқдори доирасида амалга оширилади.

31-модда - Ўртача ойлик иш ҳақини аниқлашнинг умумий тартиби. Олтинчи қисми - Пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробаридан ортиқ бўлмаган миқдордаги ўртача ойлик иш ҳақи олинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент пенсияга оид янги ҳужжатни имзолагани, ишлаётган пенсионерларга тўлиқ пенсия берилиши хабар қилинганди.

Ёрлиқ