Мактаб ўқитувчилари қоғозбозликдан қутулияпти
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Молия вазирликлари, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг умумий ўрта таълим муассасалари раҳбар ва ўқитувчиларининг иш вақти меъёрларини қайта кўриб чиқиш асосида ортиқча ҳисоботларни камайтириш, таълимни бошқариш органлари ва раҳбарлари, шунингдек, бошқа ташкилотлар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда кўрсатилмаган ҳисоботлар ва қўшимча маълумотларни талаб қилишга барҳам бериш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши мумкин.
Белгиланишича:
2019 йил 1 сентябрдан бошлаб умумий ўрта таълим муассасалари педагог ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини белгилаш бошланғич синфларда ҳафтасига 16 академик соат, юқори синфларда 18 академик соат ҳисобидан амалга оширилади;
умумий ўрта таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимларидан уларнинг ўқув юкламаларидан ташқари лавозим мажбуриятлари билан боғлиқ ортиқча ҳисоботлар ва қўшимча маълумотларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланади:
Халқ таълими тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисидаги низом;
Халқ таълими муассасалари педагог ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базавий тариф ставкалари миқдорлари;
Халқ таълими муассасалари раҳбар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базавий тариф ставкалари миқдорлари; Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:
халқ таълими муассасалари педагог ходимларининг ўз устида ишлаши ҳамда ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш орқали таълим-тарбия сифатини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқади ва жорий этади;
умумий ўрта таълим муассасалари педагог ходимларининг лавозим мажбуриятларини қайта кўриб чиқади ва тасдиқлайди.