Мактаб ўқитувчилари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби такомиллаштирилади (батафсил)
(last modified Fri, 14 Dec 2018 15:48:35 GMT )
декабр 14, 2018 20:48 Asia/Tashkent
  • Мактаб ўқитувчилари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби такомиллаштирилади (батафсил)
    Мактаб ўқитувчилари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби такомиллаштирилади (батафсил)

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисидаги низомга кўра, халқ таълими ходимларининг лавозим маошлари:

халқ таълими муассасаларининг педагог ходимлари ва раҳбар ходимларининг ҳар бир лавозими ва малака тоифаси учун белгиланган базавий тариф ставкалари асосида шакллантирилади. Базавий тариф ставкаси Ягона тариф сеткаси бўйича тариф ставкасини ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тариф ставкасига доимий устамаларни, шунингдек педагог ва раҳбар ходимларнинг айрим тоифалари иш ҳақига қўшилган компенсация тўловларини ўз ичига олади;

ходимларга қонун ҳужжатларида белгиланган устамалар ва қўшимча тўловлар асосида шакллантирилади.

Халқ таълими педагог ходимларининг базавий тариф ставкалари:

ходимнинг лавозимига;

ходимнинг малака тоифасига;

халқ таълими муассасасининг типига боғлиқ равишда табақалаштирилади.

Халқ таълими муассасалари раҳбарларининг базавий тариф ставкалари қуйидаги жадвалга биноан ўқувчилар (тарбияланувчилар) контингентига қараб муассасалар гуруҳидан келиб чиқиб белгиланади:

Халқ таълими ходимларининг касбий ўсишини рағбатлантириш учун қуйидаги малака тоифалари ва ушбу малакаларни олиш учун ходимларнинг маълумот даражасига қўйиладиган асосий талаблар белгиланади:

ўрта махсус, касбий (педагогик ёки бажарилаётган лавозим вазифаларига мувофиқ бўлган) маълумотга эга бўлган, тоифаси бўлмаган ходим;

бакалавр даражасига ёки олий маълумот даражаси бўйича академик даражалар жорий этилгунга қадар олинган олий маълумотга эга бўлган мутахассис;

бакалавр, магистр даражасига ёки олий маълумот даражаси бўйича академик даражалар жорий этилгунга қадар олинган олий маълумотга эга бўлган иккинчи тоифали мутахассис;

бакалавр, магистр даражасига ёки олий маълумот даражаси бўйича академик даражалар жорий этилгунга қадар олинган олий маълумотга эга бўлган биринчи тоифали мутахассис;

бакалавр, магистр даражасига ёки олий маълумот даражаси бўйича академик даражалар жорий этилгунга қадар олинган олий маълумотга эга бўлган олий тоифали мутахассис.

Умумтаълим муассасаларининг ўрта махсус, касбий ёки олий маълумотга эга бўлмаган, мазкур Низом кучга кирган пайтда педагогик фаолиятни амалга ошираётган педагог ходимлари учун, уларнинг педагогик тажрибасини, шунингдек улар 2019-2020 ўқув йилида маълумот олиш учун тегишли ўқув муассасаларига ўқишга киришларини ҳисобга олган ҳолда, ўрта махсус, касбий маълумотга эга бўлган тегишли лавозимдаги ходимнинг базавий тариф ставкаси сингари базавий тариф ставкаси белгиланади.

Олий ёки ўрта махсус, касбий маълумотга эга бўлмаган шахсларни умумтаълим муассасаларига педагогик лавозимларга қабул қилишга йўл қўйилмайди.

Олий таълим муассасасининг кундузги бўлими, сиртқи (махсус сиртқи) ва кечки (сменали) таълими охирги курсида ўқиётган шахслар педагоглик ишини амалга ошириш учун қўйилиши мумкин ва уларга ўрта махсус, касбий маълумотга эга бўлган тегишли лавозимдаги ходимнинг базавий тариф ставкаси сингари базавий тариф ставкаси белгиланади.

Бунда олий таълим муассасасининг кундузги таълим курсида ўқиётган шахсларга ҳафтада йигирма соатгача дарс ўтилишига йўл қўйилади.

Умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармасидан тарбиявий жараён амалга оширилишининг сифати ва самарадорлигига, синфдан ташқари ишларга ҳамда ўқувчиларни инсонпарварлик ва меҳр-шафқат руҳида тарбиялашга, тегишли синфлар ва ўқув предметлари учун тасдиқланган Давлат таълим стандартларида назарда тутилган билимлар ва кўникмалар тўлиқ ҳажмининг ўқувчилар томонидан ўзлаштириб олиниши даражасига қараб касб маҳорати ва ўқув жараёнига қўшилган аниқ ҳисса, ўқитишнинг юқори самарадорлиги ва сифати учун 40 фоизгача миқдорда белгиланади.

Умумтаълим муассасалари ўқитувчиларига қўшимча ҳақ тўловлари энг кам ойлик иш ҳақига нисбатан фоиз ҳисобида қуйидаги миқдорларда амалга оширилади:

а) синфдаги ўқувчилар сонига кўра синф раҳбарлиги учун:

15 нафар ўқувчигача — 50 фоиз;

16 нафардан 20 нафар ўқувчигача — 60 фоиз;

21 нафардан 25 нафар ўқувчигача — 70 фоиз;

26 нафардан 29 нафар ўқувчигача — 80 фоиз;

30 нафар ва ундан кўп ўқувчи бўлганда — 100 фоиз;

б) дафтарларни ва ёзма ишларни текширганлик учун — 50 фоиз, синфдаги (синф-комплектдаги) ўқувчилар сони 15 нафаргача бўлган кам комплектли мактабларда эса — 25 фоиз;

Кўрсатиб ўтилган қўшимча ҳақларни тўлаш ушбу қўшимча ҳақларни молиялаштириш учун махсус ажратиладиган бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Дафтарлар ва ёзма ишлар бўйича текшириладиган фанлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлиги томонидан белгиланади.

в) ҳар бир информатика кабинети мудирлиги учун — 50 фоиз.

Педагог ходимлар меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш:

касаллик, малака ошириш ёки бошқа сабаблар билан ишда бўлмаган ходимларнинг ўрнини босиш тартибида ишлаб берилган соатлар учун ҳақ тўлашда;

бошқа муассасалардан жалб этиладиган ўқитувчилар ва бошқа мутахассисларнинг, шу жумладан бошқа мактаблардан жалб этиладиган ўқитувчилар ва мутахассисларнинг ишлаб берилган соатлар учун ҳақ тўлашда;

умумтаълим муассасалари раҳбар ходимлари ва уларнинг ўринбосарлари, психологи, ёшлар етакчиси ва ўқувчиларни чақириққа тайёрлов раҳбари (меҳнат мажбуриятига киритилган соатлардан ташқари) томонидан ўтилган дарс соатлари учун ҳақ тўлашда қўлланилади.

Халқ таълими муассасалари педагог ходимлари меҳнатини нормалаштириш йиллик, чораклик ва ойлик иш режаларига асосланган.

Йиллик иш режаси ўқув, тарбиявий ва ташкилий тусдаги асосий тадбирларни бажариш учун зарур бўлган иш вақти сарфи кўрсатилган ҳолда уларнинг рўйхатини ўз ичига олади.

Ўқитувчиларнинг йиллик иш режаси чораклар ва ойлар бўйича тақсимланган бир йилдаги 1 548 соат миқдоридаги иш вақтининг жамланган ҳисобидан келиб чиқади.

Умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик мутахассисликлари бўйича намунавий йиллик иш режаси Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.