Намангандаги сирли гумбурлаш сирлигича қолмоқда?
-
Намангандаги сирли гумбурлаш сирлигича қолмоқда?
Икки ҳафтадан буён ҳеч ким охирига ета олмаётган воқеага якуний нуқтани қўйиш учун анча уриндик.
Хабарингиз бор, 6 декабрь куни Наманган вилояти аҳолиси кучли гумбурлаган товушни эшитиб ҳайратга тушганди. “Ижодкор” халқмиз, кўп ўтмай портлаш “Мингбулоқнефть” конида янги нефть манбаси очилгани туфайли юз берди, деган миш-мишлар урчиди.
Тўлиқ асосланмаган хулоса бир неча соатлар ичида кўплаб нашрларда эълон қилинди ҳам. Бироқ, эртасига “Ўзбекнефтгаз” бу хабарларни инкор қилди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўз маълумотида, вилоят аҳолиси вакилларидан портлаш овозига ўхшаш баланд товуш эшитилгани ҳақида хабарлар келиб тушгани, бироқ ҳозирча ҳодиса вақти ва жойини аниқлашнинг имкони бўлмагани ҳақида ахборот берди.
Воқеани жойига бориб ўрганган KUN.UZ мухбири “Мингбулоқнефть” конида ҳеч қандай гумбурлашга асос бўладиган портлашнинг асоратларини кўрмаганини таъкидлаб, кондан фоторепортаж ҳам тақдим қилди.
6 декабрь куни KUN.UZ ижодий гуруҳи билан Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида эдик. Шовқинли гумбурлашни эшитдик, кўчаларда учраган маҳаллий аҳоли ҳам бир-бири билан мазкур ҳодисани таҳлил қилаётганди. Воқеа ўтди-кетди. Аниқланмади.
Ўтган ҳафта 14 декабрь жума куни кундузи соат 10 ларда Наманган ҳудудида яна бир худди шундай гумбурлаш бўлган. Бу товуш Наманган шаҳри, Тўрақўрғон, Мингбулоқ, Уйчи ва Норин туманлари аҳолисига ваҳимали тарзда эшитилган.
“Гумбурлаш кучли эди. Ҳатто, дераза ойналари зириллаб кетди. У худди ёнгинамизда бўлган деб ўйладик...”, дейди Норин туманилик фуқаро. “Чортоқда ҳам худди портлаш сингари гумбурлаш товушини эшитдик. Худди, 6 декабрь кунгидек аниқ эшитилди”, дейди чортоқлик фуқаро. Косонсой томонларда эса аҳоли ҳеч қандай овоз эшитмаган.
Андижон вилоятининг Улуғнор ва Балиқчи туманларида яшовчи аҳоли аниқ-тиниқ ваҳимали гумбурлашни сезганлар.
Гумбурлаш овози қанчалик аниқ бўлмасин, турли ташкилотларнинг жавоблари шунча ноаниқ бўлди.
Биз, мазкур ҳодиса юзасидан Наманган вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбари Ботиржон Ашуровдан йиғилиб қолган саволларимизга батафсил жавоб олишга уриндик.
“Ҳақиқатда 6 декабрь куни Наманган вилояти ҳудудида гумбурлаш товуши эшитилганидан хабаримиз бор ва бу ҳақда ўз маълумотларимизни бердик. 14 декабрь куни соат 10 ларда бўлган иккинчи ваҳимали товушни шахсан мен эшитмадим, лекин аҳоли вакиллари мазкур ҳодиса бўйича мурожаат қилишган. Қарангки, ҳодиса ҳақида халқ орасида гап-сўзлар юрса-да, аниқлик киритишнинг иложи бўлмаяпти.
Чунки, гумбурлаган товуш эшитилган, лекин аҳоли вакилларининг ҳеч ким бу ҳолат бўйича зарар кўргани, тан жароҳати олгани ҳақида ҳеч қаерга мурожаат қилмаган. Бундан ташқари, газ ва электр узатиш линияларида авария ҳолати бўлганлиги юзасидан ҳам маълумот йўқ. Ўша куни вилоятда вазият тинч бўлган. Гумбурлашнинг қаерда ва қачон бўлганлиги борасида бирор манба топилмади.
Ходимларимиз барча ҳудудларни назоратдан ўтказиб чиқишган. Сейсмология, гидрометерология хизматлари об-ҳаво ва ер қатламида бирор ўзгариш бўлмаганини айтишмоқда. Туман ҳокимликлари, мутасадди ташкилотлар билан суҳбатлашдик. Ҳеч ким гумбурлаш бўлган ҳудудни аниқ айтиб ҳам бера олмади. Дейлик, ҳодиса одам омили билан содир бўлганида кимдир тан жароҳати олиб, тиббиёт муассасасига мурожаат қилган бўлиши мумкинмиди? Бундай маълумотлар ҳам йўқ”, дейди мутасадди.
Қизиғи, Намангандаги сирли гумбурлашлар ўша пайтнинг ўзида қўққисдан видеотасвирга ёки аудиоёзувга ҳам тушиб қолмаган. Кимдир, “кўкда гумбурлади”, дейди, яна биров ерда...
Гумбурлаш бўлганлиги эса рост. Чунки, бирданига юз минглаб одам бир хил вақтда адашиши мумкин эмас.
Ёшлигимиздан ҳеч жавоби топилмайдиган – “Тунгус метеорити”, “Қор одам”, “Бобил боғлари” сингари сирли ҳодисаларни ўқиб улғайдик. Сирли ҳодисотлар бугунги кунимизда ҳам бўлиши мумкин экан. Намангандаги бу ғалати ваҳимали гумбурлашлар ҳам уларнинг қаторига қўшилади, шекилли.
Биз эса мазкур синоатли ҳодисани ўрганишда давом этамиз...