декабр 18, 2018 13:34 Asia/Tashkent
  • Профессор-ўқитувчиларнинг йиллик меҳнат таътили қисқариши кутилмоқда
    Профессор-ўқитувчиларнинг йиллик меҳнат таътили қисқариши кутилмоқда

2018 йил 18 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг меҳнат таътили муддатини кўриб чиқиш масаласи юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.

Унда жорий йилнинг 9 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузурида республика соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар натижадорлигини муҳокама қилиш ҳамда уларни бартараф этиш ва соҳани изчил ривожлантиришга доир долзарб вазифаларни белгилашга бағишланган видеоселектор мажлисида кўтарилган мазкур масала мутахассис ва экспертлар иштирокида атрофлича таҳлил қилинди.

Видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан соҳани ислоҳ қилишга қаратилган кўплаб тавсия ва кўрсатмалар берилганди. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Ўзбекистон таълим тизимига нисбатан яқинроқ бўлган хорижий давлатларнинг тажрибасини ўрганган ҳолда, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг йиллик меҳнат таътилини 48 кундан 24 кунгача камайтириш масаласини ўрганиб чиқиб, тегишли хулоса тайёрлаш вазифаси юклатилган эди.   

Қўмитанинг кенгайтирилган йиғилишида тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари томонидан берилган таклифлар, таҳлилий маълумотлар ҳамда хорижий тажриба муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, мамлакатимиз таълим тизимига яқинроқ бўлган хорижий давлатларда, хусусан, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Беларусь, шунингдек, Молдова республикаларининг тажрибалари чуқур ўрганилди.

Муҳокамалар чоғида олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари меҳнат фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари, яъни юқори даражадаги ҳис-ҳаяжон, ақлий зўриқиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳам иштирокчилар эътибор марказида бўлди.

Шу билан бирга, бу борадаги қонунчилик таҳлил этилиб, қатор таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди. Жумладан, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 135-моддасига (Йиллик узайтирилган асосий таътиллар) педагоглар учун узайтирилган йиллик меҳнат таътили муддатини 24 иш кунидан 48 иш кунигача уларнинг иш стажига боғлиқ ҳолда мутаносиб равишда белгилашга доир тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифи баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Иштирокчилар фикрига кўра, Ўзбекистон Республикасининг бирор-бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида таълим муассасалари ходимларига бериладиган йиллик узайтирилган таътилнинг муддати аниқ кўрсатилмаган. Шу сабабли мамлакат таълим тизими хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, қонун ҳужжатларига ўқитувчи-профессорлар таркибининг ҳақ тўланадиган йиллик таътилларининг аниқ муддатини белгилайдиган нормалар киритилиши лозимлиги қайд этиб ўтилди.

Шундан келиб чиқиб, парламент қуйи палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасида Олий ва ўрта махсус таълим, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши вакилларидан иборат ишчи гуруҳи шакллантирилди ҳамда қисқа муддат ичида мазкур масалани ҳар томонлама ўрганиб, чуқур таҳлиллар асосида ҳуқуқий ечим топишга келишиб олинди.

Ёрлиқ