Шавкат Мирзиёев таъзияга борди
Йирик жамоат арбоби, “Нуроний” жамғармасининг таниқли вакили, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Мадаминжон ота Ҳасанов шу йил 22 декабрь куни 94 ёшида вафот этгани хабар қилинганди
Бугун, 23 декабрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Мадаминжон ота хонадонига ташриф буюриб, унинг фарзандлари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
“Қуръон тиловат этилиб, марҳумнинг ҳақига дуо қилинди”, дейилади хабарда.
Мадаминжон Ҳасанов 1924 йил Андижон вилоятида туғилган. 1942-1946 йилларда фронт майдонларидаги оғир жангларда иштирок этган. 1956-1959 йилларда “Ўзбектекстильторг”нинг Андижон вилояти базаси директори, 1959-1966 йилларда “Ўзбекбирлашув” бошқарувининг раиси бўлиб ишлаган.
Мадаминжон Ҳасанов 1966-1979 йиллар мобайнида Ўзбекистон савдо вазири лавозимида самарали фаолият олиб борди. 1979-2004 йилларда “Соғломлаштириш маркази” илмий-тадқиқот муассасасига раҳбарлик қилди.
У 2004 йилда нафақага чиққанидан сўнг Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг фаоли сифатида кўплаб ибратли ишларни амалга оширди.
Мадаминжон Ҳасанов “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган савдо ходими” фахрий унвони, “Жасорат” медали, “Меҳнат шуҳрати”, “Дўстлик” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган эди.