Ана холооос! Абдулла Арипов Каримов сиёсатларини айблади
(last modified Wed, 26 Dec 2018 06:23:38 GMT )
декабр 26, 2018 11:23 Asia/Tashkent
  • Ана холооос! Абдулла Арипов Каримов сиёсатларини айблади

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов хотин-қизларни иш билан таъминлаш масаласида собиқ президент Ислом Каримов юритган сиёсатни танқид қилди.

Бу танқид Абдулла Ариповнинг 22 декабрь куни президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Хотин-қизлар қўмитасининг ҳисобот-сайлов конференциясида қилган маърузаси пайтида янгради.

Абдулла Арипов 50 дақиқадан кўпроқ вақт давомида¸ асосан¸ Ўзбекистондаги хотин-қизларнинг бандлик муаммолари ва уларга ечим топиш йўллари ҳақида гапиради.

У Ўзбекистон ҳукумати хотин-қизлар муаммоларига ҳозирга қадар етарли эътибор қаратмаганини эътироф этди¸ айни пайтда¸ Ислом Каримов номини тилга олгани йўқ.

Айни пайтда¸ унинг "дангасалар" иборасини тилга олгани Каримов сиёсатига очиқча эътироз билдириш сифатида қабул қилинмоқда.

- Ишлаш учун бошқа давлатга кетиши нима учун? Чунки биз шу ерда шароит қилиб беролмаганмиз. Имкон қилиб берилмаган. Топган гапимиз шу бўлди "чет элга ишлашга кетган одам дангаса" эмиш. У ҳолда, дангаса бўлмаган одамга мана шу ерда иш таклиф қил. Кейин - бу бошқа гап, - дейди Абдулла Арипов жумладан.

2013 йил июнида марҳум президент Ислом Каримов Жиззах вилоятига сафари чоғида меҳнат муҳожирларини "дангасалар"  деб атаган эди.

- Дангасалар ҳозир Ўзбекистонда камдан кам. Энди дангасалар деб кимни ҳисоблайман, мана Москвага бориб кўчаларни, майдонларни супурадиганларни. Ўтда нима йўқ, одам жирканадики ўзбек миллатидан шунақа бориб, ўзига бир бурда нон топиш учун ўша ёққа бориш керак экан. Ҳа, Ўзбекистонни ўзида ҳеч ким очликдан ўлаётгани йўқ, барака топгур!... Бунақаларни дангаса дейманки, катта пул тезроқ топиш учун у ёққа бориб шарманда қилади ҳаммамизни, - деб айтган эди Ислом Каримов.

Ислом Каримов бошқаруви даврида ҳукумат ҳар йили 1 миллиондан иш ўринлари яратилгани ҳақида ҳисобот бериб келди.​

Аммо, Абдулла Ариповга кўра, Каримов даврида ишсизликка кураш эълон қилган "айрим молиячилар битта штат ўринни уч-тўрттага бўлиб ташлаган”.

- Тўртта, саккизтага бўлиб, 10 минг, 20 мингдан ойлик тўлаб, рўйхатда 8 та иш жойи ташкил этилди. Қоғозда ҳаммаси. Бунақа бўлиши керак эмас. Аёлларга иш ўрни яратиб беришда, у манзилли бўлиши керак, - деб қўшимча қилди Абдулла Арипов.