Самарқанд маҳалаларида жиноят содир этилиши кўпайган
Самарқанд вилоятида умумий жиноятчилик ва жиноят-қидирув соҳасидаги жиноятлар ошмаган бўлса-да, бироқ туманлар кесимида, айниқса, айрим маҳаллаларда ҳуқуқбузарликлар сони ортган.
Минтақа мухбири хабарига кўра, жумладан, вилоятдаги 1087 та маҳалланинг 838 тасида ҳуқуқбузарликлар содир этилишига йўл қўйилиб, уларнинг деярли ҳар тўртинчисида жиноятлар кўпайган.
Бунга ҳудудлардаги криминоген вазият ва жиноятлар динамикаси тўлиқ таҳлил қилинмагани, етарли малака, иш стажи ва тажрибага эга бўлмаган профилактика инспекторларининг тайинланиши ҳамда куч ва воситаларнинг тўғри тақсимланмаганлиги омил бўлаётгани қайд этилди.
Самарқанд вилоятидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг 7 нафар ходими, яъни 5 нафар маҳалла раиси, 2 нафар масъул котиб томонидан жиноятлар содир этилгани ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика комиссияси ҳамда халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг қўшма йиғилишида афсус билан тилга олинди.