Ўзбекистон 2026 йилга бориб хорижлик туристлар сонини 9 млн кишига етказишни режалаштирмоқда
(last modified Mon, 07 Jan 2019 14:31:09 GMT )
Январ 07, 2019 19:31 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон 2026 йилга бориб хорижлик туристлар сонини 9 млн
    Ўзбекистон 2026 йилга бориб хорижлик туристлар сонини 9 млн

6 йил учун режалар. Ўзбекистон 2026 йилга келиб мамлакатга ташриф буюрувчи хорижлик туристлар сонини 9 млн кишига етказишни режалаштирмоқда. Азиз Абдуҳакимов президентнинг туризм бўйича фармон ва қарорига шарҳ берди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 5 январь куни Туризмни тезкор ривожлантиришга доир чора-тадбирлар режаси тўғрисидаги фармонини ҳамда тегишли қарорни имзолади. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов яқин йилларда туризмни ривожлантиришга йўналтирилган икки муҳим ҳужжат бўйича изоҳ берди.

Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, ҳужжатда мақсадли параметрлар қайд этилган, 2025 йилга бориб туризмнинг Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотидаги улушини - 2,3 фоиздан (2017 й.) 5 фоизга, хорижлик сайёҳлар сонини эса 9-10 миллион нафарга, жумладан узоқ хорижий мамлакатлардан келувчи туристлар сонини 2 миллионгача ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, туризм экспорти ҳажмини 950 миллион доллардан 2,2 миллиард долларгача ошириш кутилмоқда. Жойлашув воситалари сонини 850тадан 3000тагача чиқариш режалаштирилган. Туроператорлар сони ҳам 860тадан деярли икки бараварга ошиши кўзда тутилган.

Туризм соҳасини ривожлантиришнинг асосий босқичлари этиб қуйидагилар белгиланди: 

• 2019-2020 йилларда – туризмни ривожлантиришнинг мустаҳкам қонунчилик асосини яратиш, инфраструктурани модернизация қилиш ва мамлакат брендини илгари суриш бўйича институционал ислоҳотлар ўтказиш;

• 2021-2025 йилларда – мамлакат иқтисодиётида туризм саноати улушини ошириш. 

Иккинчи йўналишда мамлакат ялпи ички маҳсулотида туризм улушини 5%гача етказиш (2017 йил якунлари бўйича – 2,3%) ҳамда 9 млндан ортиқ, жумладан узоқ хориждан 2 млн нафар туристни жалб этиш мақсад қилинган. 

2025 йилда туризм экспорти ўсишини 951 млндан 2,2 млрд АҚШ долларигача етказиш режалаштирилган.