Наманганда фермер хўжалиги раҳбарининг ўғли ўз жонига қасд қилди
https://parstoday.ir/uz/news/uzbekistan-i42269-Наманганда_фермер_хўжалиги_раҳбарининг_ўғли_ўз_жонига_қасд_қилди
Наманган вилояти Косонсой туманида жойлашган фермер хўжалиги раҳбарининг 22 ёшли ўғли ўз уйининг молхонасига ўзини осди.
(last modified 2019-01-14T11:24:08+00:00 )
Январ 14, 2019 16:24 Asia/Tashkent
  • Наманган
    Наманган

Наманган вилояти Косонсой туманида жойлашган фермер хўжалиги раҳбарининг 22 ёшли ўғли ўз уйининг молхонасига ўзини осди.

Бош прокуратура матбуот хизмати йигитнинг ўз жонига қасд қилгани сабаби номаълум эканлигини билдирган.

Ҳодиса жойини туман прокурори, прокуратура ва туман ИИБ терговчилари бориб кўрган. Ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертиза тайинланди, терговга қадар суриштирув ишлари ўтказилмоқда.

Косонсой туман ички ишлари бўлими ходимларининг маълум қилишича, марҳум ўша куни ҳокимиятдаги мажлисда отасининг ўрнидан қатнашган. Қишлоқ хўжалиги масалаларига бағишланган йиғилишни туман ИИБ раҳбари ўтказган.

«Озодлик» радиоси туманда яшовчи фуқаролардан бирига асосланиб йиғилишда фермер ва унинг ўғлига нисбатан «қўпол сўзлар» ишлатилгани ҳақида хабар берган.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, йиғилишда йигитга ҳеч ким тазйиқ ўтказмаган ва қўпол муомалада бўлмаган. Ҳокимиятдаги мажлисдан у яхши кайфиятда қайтган.