Мирзиёев ва Меркел нима ҳақда гаплашишди?
(last modified Tue, 22 Jan 2019 06:08:56 GMT )
Январ 22, 2019 11:08 Asia/Tashkent
  • Мирзиёев ва Меркел нима ҳақда гаплашишди?
    Мирзиёев ва Меркел нима ҳақда гаплашишди?

Ўзбекистон ва Германия 8 миллиард евролик келишувга эришди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал канцлери Ангела Меркелнинг музокаралари олдидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.

Ангела Меркел Ўзбекистон Президентининг ташрифи узоқ танаффусдан кейинги муҳим ташриф экани, икки томонлама ҳамкорлик ривожига катта туртки беришини таъкидлади. 

Музокараларда сиёсат, хавфсизлик, савдо, технология, инновация, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилиши маълум қилинди. 

Томонлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида янада яқиндан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор экани қайд этилди. 

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси асосида икки томонлама муносабатлар мустаҳкамланиши таъкидланди. 

Учрашувда замонавий таҳдид ва хатарлар, аввало терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилиши айтиб ўтилди. Афғонистонда тинчлик жараёнини тез фурсатда бошлаш ҳам кун тартибидаги муҳим масалалардан экани қайд этилди. 

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида конструктив мулоқот, шунингдек, давлат бошқаруви тизимининг шаффофлигига ҳамда коррупцияга тўлиқ барҳам берилишига эришиш мақсадида ҳамкорлик учун очиқ экани таъкидланди. 

Томонлар инвестиция ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканини билдирди. Ўзбекистон президенти ташрифи арафасида ўтказилган бизнес-форумда 8 миллиард евродан зиёд қийматдаги янги лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилгани, бошқа битимлар бўйича ишлар давом этаётгани маълум қилинди.  

Шунингдек, немис тили чуқурлаштирилган ҳолда ўқитиладиган мактаблар тармоғини кенгайтириш, Германиянинг етакчи олий таълим муассасалари билан алоқаларни ривожлантириш борасидаги ҳамкорлик учун улкан салоҳият мавжудлиги таъкидланди.