Ўзбекистонда янги ташкил этилган ҳарбий институт битирувчиларига ҳарбий унвон берилади
(last modified Fri, 25 Jan 2019 11:11:00 GMT )
Январ 25, 2019 16:11 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонда янги ташкил этилган ҳарбий институт битирувчиларига ҳарбий унвон берилади
    Ўзбекистонда янги ташкил этилган ҳарбий институт битирувчиларига ҳарбий унвон берилади

Ҳарбий институт битирувчиларига “лейтенант” ҳарбий унвони ва давлат намунасидаги диплом берилади.

Ўзбекистон президентининг тегишли қарорига кўра, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Махсус факультети базасида ташкил этилган Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтида 2018/2019 ва 2019/2020 ўқув йилларида ушбу билим юртининг тўртинчи ва бешинчи босқич курсантлари таълим олиши амалдаги ўқув дастурлари бўйича тугалланади.

Шунингдек, Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Тошкент ахборот технологиялари университетининг Махсус факультетига 2016, 2017 ва 2018 йилларда ўқишга кирган, тегишли равишда учинчи, иккинчи ва биринчи босқич талабаларининг ўқиши Тошкент ахборот технологиялари университети базасида «Телекоммуникация технологиялари» таълим йўналиши бўйича, тегишли равишда 2019/2020, 2020/2021 ва 2021/2022 йиллардан бошлаб эса Ҳарбий институт базасида амалга оширилади.

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб эса Ҳарбий институтга номзодларни саралаш танлов асосида республиканинг муҳандислик-техник олий таълим муассасаларининг 3-босқичини тугатган, ўқиш якунлари бўйича юқори натижаларга эришган, Ҳарбий институтда ўқишни давом эттириш ҳамда келгусида шартнома бўйича ҳарбий хизмат ўташ истагини билдирган, шунингдек, соғлиғининг ҳолатига кўра ҳарбий хизматга яроқли деб топилган номзодлар таркибидан амалга оширилади.

Мазкур ҳарбий институтида ўқиш Ўзбекистон Президенти томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ҳарбий хизматни ўташ билан тенглаштирилади.

Ҳарбий институт битирувчиларига “лейтенант” ҳарбий унвони ва давлат намунасидаги диплом берилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда янги ҳарбий институт ташкил этилгани хабар берилганди.