Январ 26, 2019 12:33 Asia/Tashkent
  • Голливуддаги таниқли продюсернинг қаллиғи Тошкент аэропортида ушланди
    Голливуддаги таниқли продюсернинг қаллиғи Тошкент аэропортида ушланди

Қатор нашрлар хабарига кўра, Тошкент халқаро аэропортида 23 январь куни Лондондан учиб келган асли ўзбекистонлик топ-модел Надя Непомнящая қўлга олинган. 

У 5 соат ушлаб турилгач қўйиб юборилган. Унга чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун ушланиб қолингани ва жиноят иши очилганини айтишган, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, 29 ёшли Непомнящая Тошкентга қаллиғи - кинопродюсер Майкл Грэйси билан учиб борган. У паспортида виза варақлари тўлиб кетгани сабабли уни хорижий паспортга алмаштириш учун Ўзбекистонга келгани айтилади.

Kun.uz ушбу маълумотга ойдинлик киритишни сўраб, Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова билан боғланди. 

«2019 йил 23 январь куни фуқаро Н.Н.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 223-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов ҳужжатларига кўра, 2019 йилнинг 23 январь куни «Лондон-Тошкент» йўналишидаги авиарейс билан учиб келган йўловчилар чегара назоратидан ўтказиш жараёнида, шу рейс билан учиб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, 1989 йил 16 июнда Тошкент шаҳрида туғилган, Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда турувчи Н.Н.га тегишли бўлган фуқаролик паспортида дунёнинг барча мамлакатларига чиқиш учун рухсатнома ёзуви “стикери”ни расмийлаштирмасдан, қонунга хилоф равишда, белгиланган тартибни бузиб, 2018 йил 9 августда Россия Федерацияси орқали Англия давлатига борганлиги аниқланган.

Ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», - деди Сурайё Раҳмонова.

Маълумот учун: асли тошкентлик 29 ёшли Надя Непомнящая тўрт йилдан буён Лондонда яшаб келади. Унгача тўрт йил АҚШда моделлик қилган. 

Қатор ОАВдаги хабарларга кўра, у сўнгги бор Ўзбекистонда тўрт йил аввал бўлган.

«Чиқиш визаси муддати тугаганидан кейин учинчи давлатга чиққани учун унга жиноят иши очишяпти. У Москвада яшайдиган онасини кўргани тез-тез бориб турар эди», - деган унинг дугонаси.

 

Ёрлиқ