Дунёнинг ишлари: Мирзиёев ўз қудасини ДХХ раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинлади
Президент Шавкат Мирзиёев ўз қудаси Ботир Турсуновни 2 февраль куни Давлат Хавфсизлик Хизмати (ДХХ) раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинлади.
ОАВ хабарларига кўра, генерал Ботир Турсунов янги вазифага декабрь охирида бўшатилган Жаҳонгир Эгамовнинг ўрнини эгаллаган.
Ўз хавфсизлигидан чўчиб шахси сир қолиш шарти билан 3 февралда гапирган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги манбага кўра, 46 яшар Жаҳонгир Эгамовга қарши ДХХнинг бир гуруҳ юқори лавозимли ходимлари қаторида "коррупция иши фигуранти" сифатида жиноят иши очилган.
72 яшар генерал Ботир Турсунов Ўзбекистон ички ишлар ва хавфсизлик хизматида энг таниқли шахслардан бири ҳисобланади.
Ўз фаолиятини ўтган асрнинг 80- йилларида КГБда бошлаган Ботир Турсунов кейинчалик кўп йиллар давомида ички ишлар тизимида турли вазифаларни ижро этди.
У 1990-йиллар охирида бир муддат Ички ишлар вазирлиги Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бош бошқармаси бошлиғи сифатида ишлади.
Шавкат Мирзиёев 2016 йилда президент этиб сайлангач, Ботир Турсунов Ўзбекистон Миллий Гвардияси бошлиғининг ўринбосари этиб тайинланди.
Ботир Турсуновнинг ўғли - Ойбек Турсунов президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич куёвидир.