Адвокат Олий суд раиси ҳам бош прокурордек иш тутишига умид билдирди
(last modified Mon, 11 Feb 2019 05:53:02 GMT )
феврал 11, 2019 10:53 Asia/Tashkent
  • Адвокат Олий суд раиси ҳам бош прокурордек иш тутишига умид билдирди
    Адвокат Олий суд раиси ҳам бош прокурордек иш тутишига умид билдирди

“Ўзбекистон Республикаси бош прокурорининг зиммасидаги иш ҳажмидан келиб чиқиб, у тергов ва суриштирув органлари мансабдорлари ёки судлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳаракатлари устидан қилган шикоятлари бўйича адвокатларни қабул қилишга имкон топа олмайди деб ҳисоблаган эдим”, — дейди ўз мурожаатида адвокат А.С.Пашковский. 

Қайд этилишича, аслида бундай эмаслиги маълум бўлган. Ушбу адвокат 2019 йил бошида дастлабки тергов ва тергов ҳибсхонаси мансабдор шахсларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан бир неча маротаба процессуал шикоятлар берган. Шунга кўра 2019 йилнинг 8 февраль куни бош прокурор Отабек Муродов уни ўзининг қўл остидаги раҳбар ходимлари билан биргаликда шахсан қабул қилиб, шикоят мақсадини диққат билан эшитган ҳамда айрим ўринларига аниқлик киритиб олган.

“Шундан сўнг, шикоят қилинган ҳуқуқ-тартибот органлари мансабдор шахсларига нисбатан зудлик билан тегишли чоралар кўрилиши тўғрисида қабулда иштирок этаётган ваколатли ходимларига кўрсатма берди. Уларнинг зиммасига адвокатларнинг касбий фаолиятига доир ҳуқуқлари бузилиши бўйича тушган ҳар қандай шикоятлари ҳақида бош прокурорга шахсан ҳисобот бериш ва уларни зудлик билан ўрганиб чиқиб, айбдорларга нисбатан жиноий жавобгарликкача бўлган чоралар кўриш вазифаларини юклади. Шунингдек, Бош прокурор шу пайтдан бошлаб адвокатларнинг касбий ҳуқуқлари ўз назоратида бўлишига ва унга риоя этилмаслиги юзасидан хавотирга ўрин йўқлигига мени шахсан ишонтирди”, - деб ёзади адвокат.

Маълумот учун: жорий йилнинг 30 январь куни Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси сайтида адвокатларнинг касбий фаолиятларига дахл қилиниши юзасидан ўтказилган аноним сўровнома асосида тайёрланган маълумотнома эълон қилингач, аввалига мазкур маълумотнома ҳақидаги хабарлар, кейин эса унга Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан билдирилган муносабатлар ОАВда кетма-кет ёритилган ва бу ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокамага сабаб бўлган эди. 

Адвокатлар палатаси сайтида эълон қилинган мурожаатномада адвокат Пашковский ушбу ваъданинг қанчалик ҳақиқат эканлигига ўз мисолида гувоҳ бўлганини баён қилар экан, бунинг учун бош прокурорга миннатдорчилик билдиради ва айни пайтда Олий суд раиси томонидан ҳам худди шундай йўл тутилиб, суд тизими ходимлари томонидан адвокатларнинг касбий ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини назоратга олиш ва бартараф этиш учун уларни шахсан қабул қилишни ташкил этишига умид билдиради.