Тошкент ва Доха авиаташув тўғрисида битим имзолайди
17-18-феврал кунлари Доха шаҳрида Ўзбекистон-Қатар муносабатларининг шартнома-ҳуқуқий базасини кенгайтириш ва унинг инвентаризацияси бўйича икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.
Қайд этилишича, Тошкент ва Доха музокаралари чоғида турли жабҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик ҳуқуқий асосларининг ҳозирги ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди, Қатар билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” бандларини амалга оширишнинг бориши ҳамда жорий йилда ўтказиладиган учрашувлар ва тадбирлар тўғрисида маълумот алмашилди.
“Хусусан, авиаташувлар ва ўсимликлар карантини соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимларнинг лойиҳалари келишиб олинди”, - дейилади хабарда.
Маслаҳатлашувлар доирасида Қатар вазирлик ва идоралари экспертлари билан алоҳида музокаралар ўтказилиб, инвестиция, транспорт, солиқ, божхона, қишлоқ хўжалиги ва маданият соҳаларидаги келишувларнинг лойиҳалари муҳокама қилинди.