Имон Каримова Британия нашрига интервью берди
12 март куни Британияда чиқадиган The Guardian нашри Ўзбекистон марҳум президентининг набираси¸ Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова билан суҳбатни эълон қилди.
Матбуотга берган илк интервьюсида 20 яшар Имон Каримова онасининг тутқунликдаги ҳаëтига оид айрим тафсилотларни гапириб берган.
Бу ҳикояга кўра¸ 2011 йилдан Британиядаги хусусий Brighton Collegeда ўқий бошлаган 15 яшар Имон¸ 2014 йил бошида Тошкентга каникулга борганида онаси билан турган квартирасига эрта тонгда омончилар томдан арқонга осилиб бостириб кирган.
Квартирада бўлган ҳаммани “бошига сумка қўйилган ҳолда” чиқиб кетишга мажбурлаган қуролли омончилар¸ Имоннинг айтишича¸ онаси ва ўзига тегишли барча ҳужжат ва электрон жиҳозларни мусодара қилган.
“Кўп ўтмай бизнинг тан соқчиларимиз қайтиб келди¸ фақат бу гал улар бошқача инструкция олган эди. Улар энди қўриқчи эмас¸ қамоқхона нозири эди. Онам бобомга телефон қилиб¸ гаплашишга уринди¸ аммо бунга муваффақ бўлмади”¸ дейди инглиз нашрига 20 яшар Имон Каримова.
Биринчи президентнинг набираси¸ шундан сўнг ўзи Британияга ўқишга қайта олмагани¸ бир ярим йил давомида Тошкент ташқарисидаги виллада онаси ва унинг икки хизматчиси билан уй қамоғида сақланганини айтади.
Ҳикояси давомида Имон Каримова¸ онасининг 30 ёшлар ўртасида бўлган Валентина исмли хизматчиси бу вилладан чиқарилмай¸ ўз болаларини кўришга ҳам рухсат ололмагани ортидан ўз жонига қасд қилганини айтади.
Оиласига бўлган таҳдидларга чидай олмаган бу аëл¸ Имон Каримова иддаосича¸ уксус ичиб ўзини ўлдирган ва унинг жасади носилкага солиб олиб кетилганига ўзи шахсан гувоҳ бўлган.
Гулнора Каримованинг ҳозирда Британиянинг энг нуфузли университетларидан бири саналган London School of Economicsда таҳсил олаëтган қизи¸ онасининг 2015 йил августида ошхонада уюштирган “маҳкама мажлиси” ҳақида ҳам гапиради.
Имонга кўра¸ судъя¸ прокурорлар ва "қўрққанидан аъзойи бадани титрашдан тўхтамаган ҳукумат адвокати" онаси тутқунликда сақланган вилла ошхонасида бир неча соатлик суд мажлиси ўтказиб¸ ҳукм чиқарган.
Шундан сўнг Имон онасидан айри ҳолда Тошкент чеккасидаги ҳукумат дачасида ташқи дунëдан ажратилган ҳолда яшашга мажбур бўлган¸ баъзи-баъзида фақат битта хонада сақланган онасини кўришига рухсат этилган.