Ички ишлар вазирлигининг бир қатор вазифалари Миллий гвардияга берилиши мумкин
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлганларни мажбурий даволашга ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларини қўриқлаш Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларининг кучи билан шартнома асосида таъминланиши мумкин. Бу бўлинмаларнинг сони Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан назарда тутилган маблағлар доирасида белгиланади.
Шунингдек, дипломатик ваколатхоналарни ва хусусий қароргоҳларни қўриқлаш Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тақдимномасига, биноан шартнома асосида, қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан амалга оширилиши мумкин (ҳозир - Ички ишлар вазирлиги).
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларига қўриқлашга ишониб топширилаётган дипломатик ваколатхоналар ва қароргоҳларнинг техник мустаҳкамлиги Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг норматив ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлиши керак.
Бундан ташқари, «Дўрмон» Миллий боғи ҳудудини қўриқлашни ички ишлар органлари ва бошқа ваколатли органлардан Миллий гвардия ваколатига ўтказилиши мумкин.
Бундан олдин, Миллий гвардия ўқув марказларининг асосий вазифалари белгиланиши хабар қилинганди.