Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали суҳбатлашди
(last modified Wed, 20 Mar 2019 09:46:38 GMT )
март 20, 2019 14:46 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев  Нурсултон Назарбоев билан  телефон орқали суҳбатлашди

Шавкат Мирзиёев 19 март куни бугун Президент ваколатларини зиммасидан соқит этиш тўғрисида эълон қилган Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали суҳбатлашди.

Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев бир-бирларини самимий қутлаб, Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланиб, кўп қиррали сермаҳсул ҳамкорлик кенгайиб бораётганини алоҳида мамнуният билан таъкидладилар.

Ўзбекистон Президенти узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатлари учун мустаҳкам пойдевор яратишга қардош Қозоғистоннинг Биринчи Президенти қўшган ҳиссани юксак баҳолади ва чуқур миннатдорлик билан қайд этди.

Мулоқотда Нурсултон Назарбоев раҳбарлигида замонавий бозор иқтисодиётига эга давлат барпо этилгани таъкидланди. Тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик таъминланди, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси мустаҳкамланди. Бугун Қозоғистон дунёнинг 50 ривожланган давлатлари сирасига киради.

Эслатиб ўтамиз кеча Нурсултон Назарбоев республика телеканаллари эфирида Қозоғистон халқига махсус мурожаат билан чиқиш қила туриб, ўз ваколатларини топширишини маълум қилганди.

Ёрлиқ