Тошкентда Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаевнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди
(last modified Mon, 15 Apr 2019 07:42:18 GMT )
апрел 15, 2019 12:42 Asia/Tashkent
  • Тошкентда Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаевнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди

Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 14 апрель куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди.

Олий мартабали меҳмон 15 апрель куни Кўксаройда расмий кутиб олинди.

– Қозоғистон Республикаси президенти сифатида илк давлат ташрифингизни Ўзбекистонга амалга оширганингизни юқори баҳолаймиз. Буни мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга қатъий интилиш ифодаси деб биламиз. Қозоғистон биз учун яқин қўшни, стратегик шерик. Ҳамкорлигимизнинг барча йўналишлари бўйича ижобий динамикага эришилаётганидан мамнунмиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Қозоғистон президенти Ўзбекистонга таклиф учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, музокаралар самарали ўтишига ишонишини қайд этди.

– Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик сифати ва амалий мазмуни ҳақидаги гапларингизга тўла қўшиламан. Сиз, ҳурматли Шавкат Миромонович, ва Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев давлатлараро муносабатларни юқори босқичга олиб чиқдингиз. Бу суръатни сақлаб қолишни ўзимнинг асосий вазифам деб биламан. Қозоғистонда қардош Ўзбекистон билан алоқаларга талаб жуда катта, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев. Учрашувда мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо, транспорт, саноат кооперацияси, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди. 

Ёрлиқ