Ўзбекистон фуқароси чет элда ёрдамга муҳтож бўлса нима қилиш керак?
Ўзбекистон ТИВнинг хабар беришича, 9 апрель куни Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонасига мамлакат фуқароси Хабибулло Ўринбоев мурожаат қилиб Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидан бўлган укаси Ғолибжоннинг вафот этганини маълум қилган ҳамда унинг жасадини ватанга юборишда ёрдам сўраган.
Қайд этилишича, касаллик туфайли оламдан ўтган Ўзбекистон фуқароси 2018 йилнинг март ойидан буён Приморье ўлкасида қонуний равишда яшаган ва ишчи сифатида турли фаолиятлар билан шуғулланган.
Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳисобидан транспорт харажатларининг бир қисмини қоплашда кўмак бериш масаласини муҳокама қилиш учун Консулхона Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси билан боғланган.
Зарур ҳужжатлар расмийлаштирилганидан сўнг, Жамғарма ёрдамида марҳумнинг жасадини акаси Владисвоток—Новосибирск—Фарғона йўналишида Ўзбекистонга олиб кетган.
«Агарда Ўзбекистон фуқароси бўлган яқин қариндошингиз ёки танишингиз чет элда ёрдамга муҳтожлиги тўғрисида маълумотга эга бўлсангиз, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига ёки унинг Россия Федерациясидаги ваколатхонасига мурожаат қилишингиз тавсия этилади», — деб эслатма берган Консуллик-ҳуқуқий департаменти.
Маълумот учун:
Россия Федерациясидаги манзил: Москва шаҳри, 1-Казачий тор кўчаси, 11/2 (1-й Казачий переулок 11/2).
Мурожаат учун телефон рақами: +7-903-507-76-67.
Ўзбекистон Республикасида манзил: Тошкент шаҳри Олмазор тумани, Қамарнисо кўчаси, 1-уй.
Мурожаат учун телефон рақами: +998-71-202-33-55 (ички рақам: 24, 30).