Ўзбекистонда ваҳҳобийлар раҳбари деб аталган шахс жазони ўташ колониясига ўтказилди
Тошкентдаги Хўжа Нуриддин масжидининг собиқ имоми Руҳиддин Фахриддинов Чирчиқ шаҳридаги13-сонли жазони ўташ колониясидан Зангиота туманидаги жазони ўташ муассасасига ўтказилди.
52 ёшли Руҳиддин Фахриддинов 158 (Ўзбекистон Республикаси президентига ҳужум уюштириш), 159 (Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 242 (Жиноий тўда ташкил этиш) ва 244 (Оммавий тартибсизлик уюштириш) моддалари бўйича 18 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
Қариндошларининг сўзларига кўра, 13 апрель куни Руҳиддин Фахриддиновни Тоштурмага олиб кетишган ва 16 апрель куни Зангиота туманидаги жазони ўташ муассасасига кўчиришган.
Маҳкумнинг турмуш ўртоғи Раҳима Аҳмадалиева айтишича, у эрининг озод қилинишини кутган, унинг жазони ўташ муассасасига жўнатилгани эса ҳафсаласини пир қилган.
Аёлнинг сўзларига кўра, эрининг озод бўлишига атиги 4,5 йил қолган ва собиқ имоми13,5 йил давомида бирор марта амнистия қўлланилмаган.
Руҳиддин Фахриддинов Ўзбек ССР давридаги собиқ ўрмон хўжалиги вазири Фазлиддин Фахриддиновнинг ўғли. У Тошкент давлат шарқшунослик институтини тамомлаган.