Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбий разведкачилари ўртасида қўшма тренинг ўтказдилар
Тожикистоннинг «Фахрабад» полигонида Ўзбекистон ҳамда Тожикистон республикалари мудофаа идораларининг разведка бўлинмалари ҳарбий хизматчилари иштирокида қўшма тренинг ўтказилди.
Ўзбекистон ва Тожикистон разведка бўлинмалари тадбири давомида икки мамлакат ҳарбий хизматчилари ўзаро тажриба алмашди, ҳозирги кунда Марказий Осиё давлатлари учун муҳим масалалардан бири бўлиб келаётган терроризм хавфини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатларининг турли вариантлари амалда синаб кўрилди.
Ҳарбий разведкачилар томонидан бажариладиган вазифалари, шунингдек, замонавий можароларда террорчилик ҳаракатларининг фаолияти ҳамда уларнинг ҳужум қилиш услублари инобатга олинган ҳолда ҳамкорликдаги машғулотлар тунги вақтда ҳам ўтказилди.
Иккала мамлакат офицер ва сержантлари бир неча кун давомида тоғ тайёргарлиги, муҳандислик иши, дала шароитида биринчи тиббий ёрдамни кўрсатиш, шунингдек, ҳарбий разведкада фойда берадиган бошқа йўналишлар бўйича ўз билим ва кўнимларини мустаҳкамлаб олишди.