«Гранд» радиоси Гулнора Каримованинг собиқ эри билан алоқаларни рад этмоқда
(last modified Sat, 04 May 2019 06:28:39 GMT )
май 04, 2019 11:28 Asia/Tashkent
  • «Гранд» радиоси  Гулнора Каримованинг собиқ эри билан алоқаларни рад этмоқда

«Гранд» радиостанцияси Facebook’даги расмий саҳифасида тарқатган баёнотида Рустам Мадумаров билан алоқаларни рад этди.

Аввалроқ ягона электрон савдо майдончасида Тошкент шаҳрида жойлашган йирик фирма – «EDEL VEYS-ALI» масъулияти чекланган жамияти фондидаги юз фоиз улуши, дебитор-кредиторлари ва бошқа турдаги барча мол-мулклари билан аукционга қўйилгани хабар этилганди.

«EDEL VEYS-ALI» масъулияти чекланган жамиятга 101.5 FM тўлқинида жойлашган «Радио Гранд» радиосига тегишлилиги айтилади. Бошланғич нархи етти миллиарддан ортиқ (7 567 767 500.00) сўм бўлган фирма нархи ҳозирда 4 142 518 600.00 сўмга тушган.    «20 йиллик фаолиятимиздан сўнг, МИБ вакиллари раҳбарият ва таъсисчи Светлана Хон билан боғланиб, унинг радиостанцияси аслида унга тегишли эмаслигини хабар қилишди. Бу рўй бераётганига ишониш қийин. Ташкилот эгаси С.Н. Хоннинг 2002 йилдан буён барча керакли ҳужжатлари мавжуд, улар тегишли инстанциялар томонидан тасдиқланган. Бироқ, у мурожаат қилган тузилмалардан ҳеч бири вазиятга ойдинлик киритиш учун ҳеч нарса қилмади», - дейилади радиостанциянинг Facebook’даги хабарида. Шунингдек, хабарда таъкидланишича, бу вазият кимдир шунчаки келиб, сизнинг мулкингиз энди унга тегишли эканини ҳеч қандай ҳужжатларсиз айтиши мумкиндек тасаввур уйғотмоқда.

«Мадумаров (Гулнора Каримованинг эри) бизнинг ташкилотимизга алоқадор эканини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжат тақдим этилмади, сабаби иш «махфийлик» мақомида турибди. Мадумаров жиноят иши бўйича қайд этилган ва унинг мол-мулки (ҳатто у унга тегишли бўлмаса ҳам) давлатга ўтказилмоқда ҳамда 8 май куни савдоларга қўйилади», - дейилади хабарда.

Станция вакилларининг маълумотига кўра, «Гранд» радиосини давлат фойдасига олиш тўғрисида қарор қабул қилинган суд ҳам бўлиб ўтган.