ДХХ собиқ раиси «порахўрлик ботқоғига ботган»ликда айбланмоқда
Ўзбекистон давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлик лавозимларига ўзига содиқ кадрларни қўйиши орқали давлатнинг бутун сиёсий фаолияти устидан назорат ўрнатишга уринганликда айбланмоқда..
«Ихтиёр Абдуллаев ‘хизмат’нинг аввалги гегемонлик кайфиятини қўмсашда, ҳуқуқий чегарадан чиқиб, коррупция ва порахўрлик ботқоғига ботганликда айбланмоқда. Президент бу ҳолатда ғалвирни баланд кўтаришга мажбур бўлди ва унга сиёсий ишончсизлик билдирди», — дейилади Эркин Жарчи имзоси билан эълон қилинган материалда.
Қайд этилишича, «собиқ генерал ҳурфикр сайтларни ёпиш, ижтимоий тармоқларга чеклов қўйиш, хориждаги айрим таъсирли ватандошларни сунъий равишда мухолифатга айлантириш орқали Президент олиб бораётган демократик ўзгаришларни аҳолига бузиб кўрсатишга интилган, бу орқали ўзи учун келгусида яхши сиёсий платформа ҳозирлаган».
«Албатта, барча ноқонуний ишларга охирги нуқтани суд ҳокимияти қўяди. Унинг ортида кимлар турган, қандай мақсадлар яширин, ишга кимларни жалб қилган, кимлар хайрихоҳ ва кўмакчи бўлган... барчасига ойдинлик киритилиши шубҳасиз», — дейилади мақолада. Ва бу жараённи муаллиф «Абдуллаев иши» деб таърифлаган.
Эслатиб ўтамиз, Ихтиёр Абдуллаев 2019 йил 11 февралида Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимидан озод қилинганди.