«Илҳом» театри раҳбарининг қотили Ўзбекистонга қайтарилгани айтилади
Ўзбекистон Бош прокуратураси «Илҳом» театри асосчиси Марк Вайлнинг қотили Ўзбекистонга қайтарилганини маълум этди.
«2019 йилнинг 12 февралида Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан Тожикистон Бош прокуратураси сўрови бўйича жазо муддатини ўтаётган Ғафуров.Ё.А Тожикистон ҳудудида икки ва ундан ортиқ кишини қасддан ўлдириш, ўқотар қуролларни ноқонуний сақлаш, безорилик ва давлат мансабдор шахсларига нисбатан зўравонлик ишлатиш сингари жиноятларни содир этгани учун жиноий жавобгарликка тортиш мақсадида уч ой муддатга қўшни давлат ваколатли органлари қўлига топширилган эди.
2019 йил 7 май куни Ғафуров.Ё.А Тожикистоннинг ваколатли органлари томонидан Ўзбекистонга қайтарилди.
Ҳозирда у Ўзбекистон ҳудудида содир этган жиноятлари учун ўзига берилган жазо муддатини ўташда давом этмоқда», — дейилади Бош прокуратура хабарида.
Маълумот учун, 2010 йил 17 февраль куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Ёқуб Ғафуровни Ўзбекистон ҳудудида бир қатор жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиб, 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этган эди. Жумладан, Ёқуб Ғафуров шериклари Алишер Сатторов ва Қаҳрамон Пўлатов билан «Илҳом» театри асосчиси Марк Вайлнинг ўлимида айбдор деб топилган.
«Илҳом» театри раҳбари ва асосчиси, режиссёр Марк Вайл 2007 йилнинг 6 сентябрида, театрнинг 32-мавсуми очилишидан бир кун олдин ўз уйи подъездида пичоқлаб кетилганди. Оғир тан жароҳатларини олган 55 ёшли Марк Вайль шифохонада вафот этган.
-
Ўзбекистон бош прокуратураси: собиқ бош прокурорга нисбаттан ҳеч қандай қийноқ қўлланилмаган
-
Ўзбекистон Бош прокуратураси: «Қодиров иши» доирасида қўлга олинганларга қийноқ қўлланмаган