Гулнора Каримова оила аъзолари билан учрашди
(last modified Thu, 11 Jul 2019 05:41:07 GMT )
июл 11, 2019 10:41 Asia/Tashkent
  • Гулнора Каримова оила аъзолари билан  учрашди

Олдинроқ Адлия вазирлиги томонидан Интернет тармоғида маҳкума Гулнора Каримовага тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмаётгани ҳамда у доимо руҳий босим остида эканлиги тўғрисидаги маълумотлар бўйича ўрганиш ўтказилгани тўғрисида хабар берилган эди

Ўрганиш давомида (жорий йилнинг 3 июль куни) Г. Каримова оила аъзоларининг у билан узоқ муддатли учрашув сўраб ёзган мурожаати келиб тушганлик факти аниқланган эди. 

Жиноят-ижроия кодексининг 76-моддасига мувофиқ маҳкумларнинг узоқ муддатли учрашув ҳуқуқи таъминланишини ўрганиш мақсадида мониторинг ўтказилди. Мониторинг давомида, маҳкума Г. Каримова ўзининг узоқ муддатли учрашув ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда 2019 йилнинг 7 июль кунидан 10 июль кунига қадар, ўз оила аъзолари билан уч кунлик – узоқ муддатли учрашувда бўлди. 

Уларга, узоқ муддатли учрашув ҳуқуқидан фойдаланаётган бошқа маҳкумалар каби, алоҳида узоқ муддатли учрашувларга мўлжалланган яшаш жойи ажратилган. Ушбу учрашувни бўлиш, шунингдек, оила аъзолари томонидан олиб келинган посилка ва бандеролларни киритишни чеклаш ҳолатлари бўлмаган. Суҳбат давомида, Гулнора Каримованинг оила аъзолари ушбу даврда бошқа маҳкумалар ҳам ўзининг узоқ муддатли учрашув ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда яқинлари билан бирга бўлганлигини таъкидлашди, бу бошқа маҳкумаларнинг учрашиш ҳуқуқлари таъминланаётганлигини билдиради. 

Шу билан бирга, учрашув давомида, Г. Каримованинг оила аъзолари Г. Каримовага тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмаётганлиги ва унга босим ўтказилаётганлиги бўйича шикоят ва эътироз билдиришмади, дейилади Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.