Тошкент ИИББ : Соқолни мажбуран ҳеч ким қирмаган ва қирмайди ҳам
Ўзбекистон: Соқолни мажбуран ҳеч ким қирмаган ва қирмайди ҳам - Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси Би-би-си Ўзбек хизматига ваъда қилганидан кун ўтиб, расман муносабат билдирди. Соқолни мажбуран ҳеч ким қирмаган ва қирмайди ҳам, деди.
Худди шу сарлавҳа остидаги хабар 27 август санаси остида бошқарманинг расмий веб саҳифасида чоп этилди.
Хабар Тошкентда ҳар йили шаҳар аҳолисининг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган "Хавфсиз ҳудуд" тадбирлари ўтказилиши ҳақидаги маълумот билан бошланган.
Бу тадбирлар давомида жамоат жойларига алоҳида эътибор қаратилиши айтилган.
Бунга ўхшаш жамоат жойлари сифатида мисол тариқасида Сайилгоҳ кўчаси, боғлар ва хиёбонлар, кўнгилочар-савдо марказлари, бозорлар ва ҳоказолар тилга олинган.
Баъзи объектларда вазиятни кузатиш учун ташқи кузатув интеллектуал камераларидан фойдаланилиши билдирилган.
Маълумотлар базасига қидирувда бўлган шахсларнинг биометрик паспортларидаги маълумотлар, яъни тартиб бўйича кўзойнаксиз, бош кийимисиз ва соқолсиз туширилган расмлари киритилган, дейиларкан, кейин "Малика" савдо масканида соқол билан боғлиқ ҳодисага ўтилган.
Хабарда маълум қилинишича, у ерда ишлайдиган баъзи шахслар бўйича ўғрилик, ўғирланган қўл телефонларини сотиб олиш ва сотиш фактлари асосида қўзғатилган жиноят иши доирасида тезкор тадбирлар ўтказилган.
Ушбу савдо масканида расман ва норасман ишлайдиган алоҳида шахслар қонунбузарликларга аралашиб қолишган.
Хабарда ёзилишича, суҳбатга таклиф этилганлар соқоли бор ёки йўқларга ажратилмаган.
Аммо худди шу хабарнинг ўзида у ерда соқоллилар кўпчиликни ташкил этиши таъкидланган.
Маълум қилинишича, алоҳида фуқароларга ташқи кўринишларини биометрик паспортдаларидаги расмларига мувофиқлаштириш тавсия этилган.
Деярли барча ушбу илтимосни тўғри тушунган.
Кўплар соқол қўйиб юриш улар учун муҳим эмаслигини, балки вақт йўқлиги, модага тақлид қилиш ва бошқа сабабларга кўра соқолларини олмаганларини маълум қилишган.
Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси ўз хабарида қатъий билдиришича, бу ҳолатга диний мазмуннинг ҳеч қандай алоқаси йўқ.
"Қолаверса, бу вазиятда диндорларнинг ҳиссиётлари билан ўйнашиш, мазкур мавзуни бўрттириш ноўриндир".
Бошқарманинг айни мазмундаги расмий хабарига ҳозирча ижтимоий мулоқот тармоқларида, таъбир жоиз, жабрдийдаларнинг ўзларининг муносабатлари кўрилмайди.
Тарихча ўрнида
22-23 август кунлари Тошкентнинг Шайхонтохур туманидаги "Малика" савдо масканида юз берган ҳодиса ижтимоий-мулоқот тармоқларини том маънода ларзага солган.
Жума намозидан сўнг ички ишлар ходимлари савдо масканидан ўнлаб соқолли эркакларни тутиб олиб кетган.
Уларнинг соқоли мажбурий равишда олиб ташланган. Би-би-си мухбирининг билдиришича, соқол олиш жараёни шанба - 24 август куни ҳам давом этган.
Юз берган ҳодиса ортидан Би-би-си бошқарма матбуот хизмати билан боғланганида, баёнот душанба куни берилиши айтилган.
Душанба куни сўнгида Би-би-си Ички ишлар бошқармасининг матбуот хизматига сим қоққан.
Гўшакни кўтарган эркак ходим баёнот қачон чиқишидан бехабар экани, ўзи бу хизматда ишламаслиги ва хизмат ходимлари мажлисда эканликларини айтиб, жавоб берганди.
"Соқолини олиб қўйиб юборишаётганди"
Ҳодиса ҳақида илк марта тошкентлик блогер Жамолиддин Муҳаммад хабар қилган. У ўзининг соқоли олинган ҳолдаги суратини ҳам илова қилган.
Жума куни соқоли олинган Жамолиддин Муҳаммад савдо қилишга борган вақти тушунтиришларсиз ички ишлар ходимлари олиб кетиб қолганини айтди.
"Савдо қилиш учун Маликага боргандим. Ички ишлар ходимлари тутиб олиб кетишди. 4 - ГОМ (ички ишлар бўлими)нинг ташқарисида тахминан 20 нафар соқолли одам турганди. Ичкарида иккинчи қаватда яна 30 га яқин одамни кўрдим. Ҳамманинг маълумотларини ёзиб, расмга тушириб, соқолини олиб қўйиб юборишаётган эди", дейди Жамолиддин Муҳаммад.
Жамолиддин ички ишлар ходимларидан изоҳ олишга ҳаракат қилган, бироқ унга қўпол муомалада бўлган орган ходимларини ўзларини таништиришни ҳам истамаган.
Унинг айтишича, Мурод деб таништирган "эксперт" соқолни олдиришга қарши бўлганлар билан суҳбат қилган.
Воқеанинг бошқа гувоҳларининг ҳам айтишича, уларни Шайхонтоҳур туманидаги 4 чи сонли ички ишлар бўлимига олиб боришган ва мажбуран соқолларини олишган.
Би-би-си мухбири Аваз Тоҳиров шанба, 24 август куни Шайхонтоҳур туманидаги 4-сон ички ишлар бўлимига борганида бир эркакнинг соқолини олиб қўйиб юборишаётганига гувоҳ бўлди.
Исмини айтмаган, аммо ўзини 4-сон Ички ишлар бўими раҳбари деб таништирган ички ишлар ходими "соқол олиш тадбирига" алоқаси йўқлигини, улар шунчаки Тошкент шаҳар ИИБга тадбир учун жой ажратиб берганини маълум қилган.
Масъул шахс жума куни 100 атрофида соқолли эркак олиб келингани ҳақидаги хабарни рад этмаган, аммо бўлимга олиб келинган шахсларнинг рўйхатини кўрсатишдан бош тортган.
"Протоколни Тошкент шаҳар ГУВДи олиб кетган, деб олиб келинганларнинг рўйхатини кўрсатмади. Масъул шахс шунингдек, ушбу соқол олиш жараёни барча эркакларга қўлланилаётгани ёки диний мансубликдан келиб чиқиб қилинаётгани ҳақидаги саволга ҳам жавоб бермади", дейди Аваз Тоҳиров.
Мазкур ҳодиса Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида яхшилангани халқаро ташкилотлар томонидан эътироф қилинган диний эркинлик мавзусини яна баҳсу мунозаралар мавзусига айлантирди.
Ижтимоий тармоқлардаги қизғин баҳслар қатнашчилари ҳуқуқий-демократик жамиятда фуқароларнинг соқоли мажбуран олиниши инсон ҳуқуқлари поймол этилишини англатишини айтишганди.