сентябр 12, 2019 10:45 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ТИВ раҳбари АҚШ мудофаа вазири вакилини қабул қилди

Кеча Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган АҚШ мудофаа вазирининг Ҳинд ва Тинч океанлари минтақасида хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчисининг ўринбосари Рендал Шрайвер билан учрашди.

Абдулазиз Комилов ва Рендал Шрайвер учрашувида икки томонлама муносабатларга доир масалалар, долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

“Томонлар Ўзбекистон-АҚШ кўп қиррали ҳамкорлигининг ижобий динамикасини мамнуният билан қайд этдилар”, дейилади хабарда.  

Учрашувда минтақавий хавфсизликни таъминлаш, хусусан, афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш масалаларига, шунингдек, Марказий Осиёдаги иқтисодий муносабатларга Афғонистонни жалб этиш борасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.

Бошқа хабар шуки, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов бошчилигидаги ҳарбий делегация ҳарбий таълим соҳасидаги икки томонлама алоқаларни янада ривожлантириш, шунингдек, ҳар икки мамлакат ҳарбий таълим муассасалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида АҚШга ташриф буюрди.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маълумотига кўра, ташриф доирасида 9 сентябрь куни генерал-майор Азизбек Икрамов АҚШ Миллий мудофаа университети Президенти, вице-адмирал Фриц Ругге билан учрашди.

Ёрлиқ