Тошкентда Ўзбекистон ва Қозоғистон мудофаа вазирлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистон мудофаа вазири генерал майор Баҳодир Қурбонов расмий ташриф билан келган Қозоғистон мудофаа вазири генерал майор Нурлан Ермекбаев бошчилигидаги делегация билан учрашиб мулоқот қилди.
Мудофаа вазирлиги Марказий аппаратида бўлиб ўтган икки томонлама ҳамкорлик учрашувида генерал майор Баҳодир Қурбонов қозоғистонлик ҳамкасбини Ўзбекистонга уюштирган ташрифи билан қутлаб, мустақиллик йилларида икки давлат ўртасида ўрнатилган дўстона ҳарбий муносабатларнинг фақат ижобий томонга силжиб бораётганини таъкидлади.
Шунингдек, Ўзбекистон мудофаа вазири икки томонлама ҳамкорликдаги эришилаётган ютуқларга тўхталар экан, ҳар икки давлат ҳарбийларининг «АрМИ—2019» халқаро мусобақаларда эришган юқори натижаларига алоҳида урғу берди. Ўзбекистон ва Қозоғистон мезбонлик қилган беллашувлар юқори савияда ташкиллаштирилгани айтиб ўтилди.
Икки давлат мудофаа вазирлари ҳарбий соҳада эришилган ютуқлар ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган масалалар борасида ҳам ҳамкорликни давом эттиришнинг истиқболли таклифлари билан чиқди. Бу борада генерал майор Баҳодир Қурбонов генерал майор Нурлан Ермекбаевга «Ўзбекистон—Туркия—Қозоғистон» иштирокида ҳаво ҳужумидан мудофаа йўналишида ҳамкорликни олиб бориш режасини таклиф қилиб, мазкур ҳамкорлик келгусида минтақадаги ҳарбий-стратегик ҳолатни янада кучайтиришини таъкидлаб ўтди.