Ўзбекистонда тўй-ҳашамлар тартибга солиниши кутилмоқда
(last modified Sat, 14 Sep 2019 10:14:30 GMT )
сентябр 14, 2019 15:14 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонда тўй-ҳашамлар тартибга солиниши кутилмоқда

14 сентябрь куни Олий Мажлис Сенати Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди

Мажлисда оилавий тадбирларни ўтказишни тартибга солиш бўйича кенг жамоатчилик, Республика ишчи гуруҳи, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари, шунингдек, фуқаролар йиғинлари комиссиялари томонидан билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашларининг «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори тайёрлангани маълум қилинди.

Ушбу қарорга кўра, тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиши ва 2020 йилнинг 1 январидан кучга киритилиши кўзда тутилган.

Низомга кўра, оилавий тадбирлар фақат бир кун соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади. Дафн этиш маросими бундан мустасно.

Ҳудудларнинг шароитларидан келиб чиқиб, халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан ош бериш маросимининг вақти алоҳида белгиланиши мумкин. Соат 23:00 дан кейин оилавий тадбирларни давом эттиришга йўл қўйилмайди.

Оилавий тадбирларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашади. Қўшалоқ тўй-ҳашамларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши қатнашиши мумкин.

Тўй-ҳашамларни ўтказувчи шахслар тадбирларни ўтказишдан камида бир ҳафта олдин яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиши шарт.

Шунингдек, никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш, келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирларда 3 тадан кўп бўлган енгил автомашинадан ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа транспорт воситаларидан фойдаланишга рухсат этилмайди.

Ёрлиқ