АҚШ ҳарбий делегацияси Ўзбекистон Қуролли Кучлар кичик мутахассисларни тайёрлаш марказига борди
Ўзбекистонга келган АҚШнинг Миссисипи штатидан бир гуруҳ ҳарбий делегация вакилари Самарқанд шаҳридаги Мудофаа вазирлигига қарашли Қуролли Кучлар кичик мутахассисларни тайёрлаш марказига ташриф буюрди.
Майор Аманда Виллерет бошчилигидаги ҳарбий делегация вакиллари икки мамлакат ўртасида ўрнатилган халқаро ҳарбий ҳамкорлик доирасида ҳарбий таълим муассасаси фаолияти билан танишмоқда.
Тадбир “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари кичик мутахассисларни тайёрлаш марказида номзодларни танлаш ва сержантлар таркибини босиқичма-босқич тайёрлаш тизими, ўқув-тарбиявий жараённи ташкиллаштириш” мавзусидаги брифинг билан бошланди.
Бир неча кун давом этадиган ташриф давомида меҳмонлар АҚШ ҳарбий таълим муассасаларига кичик мутахассисларни танлаш ва уларни тайёрлаш, ўқитувчи ва йўриқчиларни қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизими кабилар ҳақида маълумот беради. Шунингдек, кичик мутахассисларни тайёрлаш марказининг ўқув-моддий базаси, курсантлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишади.