Ўзбекистон президенти БМТ махсус маърузачисини қабул қилди
Бугун, Шавкат Мирзиёев мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб турган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян билан инсон ҳуқуқлари масаласини муҳокама қилди.
Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг тузилмалари билан конструктив муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлик ушбу шерикликнинг энг муҳим йўналишларидан деди Мирзиёев бу учрашувда.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад Ал Ҳусайн ва БМТнинг Дин ёки эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳиднинг мамлакатимизга ташрифлари натижасида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини мустаҳкамлаш, бу борадаги халқаро мулоқотни янада ривожлантиришга қаратилган “йўл хариталари” амалга оширилмоқда
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан зиёд халқаро ҳужжат, жумладан, БМТнинг ўнта асосий шартномаларига қўшилган. 2018 йил ноябрь ойида Самарқандда илк бор Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ўтказилди.
Шунингдек, Ўзбекистон парламенти томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва малака тўғрисидаги декларациясини амалга ошириш бўйича миллий дастур қабул қилинган. Ушбу ҳужжат суд-ҳуқуқ соҳаси ходимларининг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги билимларини оширишни назарда тутади.