Россиядаги ЙТҲ оқибатида ўзбекистонлик аёл ҳалок бўлиб яна 5 нафар жароҳатланди
Кеча Россиянинг Петровск туманида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Ўзбекистон фуқароси М.С. ҳалокат жойида вафот этди, 5 нафар ўзбекистонлик жароҳат билан туман касалхонасига ётқизилди.
Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консулхонаси мазкур вазиятни ўз назоратига олди ҳамда марҳуманинг жасадини ватанга юбориш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалалар билан шуғулланмоқда.
«Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради ва Россиянинг Волгабўйи федерал округи (Бошқирдистон, Киров вилояти, Марий Эл республикаси, Мордовия республикаси, Нижегород вилояти, Оренбург вилояти, Пенза вилояти, Перм ўлкаси, Самара вилояти, Саратов вилояти, Татаристон, Удмуртия, Ульянов вилояти, Чувашия) ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига улар зарурат туғилган ҳолатларда Қозон шаҳридаги мамлакатимиз бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қилади: +7-843-526-55-64, +7-843-526-55-65», — дейилади хабарда.