Ўзбекистон ва Озарбойжон мудофаа вазирлари ҳарбий ҳамкорлик режасини имзоладилар.
Бугун Боку шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар мудофаа вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши ўтказилади.
Кеча бу йиғилишда қатнашиш учун Бокуга келган Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов Озарбойжон мудофаа вазири генерал-полковник Закир Гасанов билан икки томонлама учрашув ўтказди.
Учрашув давомида ҳарбий соҳада икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбойжон мудофаа идоралари раҳбарлари 2020 йилга мўлжалланган икки давлат Мудофаа вазирликлари ўртасида ҳарбий ҳамкорлик режасини имзоладилар.
Эслатиб ўтамиз Бокуда ўтказиладиган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар мудофаа вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Озарбойжон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон мудофаа идоралари раҳбарлари иштирок этади.