Ўзбекистон Россия ва Ғарб орасида қолдими?
- Халқлар устида тажриба ўтказилмайди. Шундай ҳавотир борки, Ўзбекистон ЕОИИ га кирса, кучлироқ давлат учун ресурслар заҳираси бўлиб қолади: хом ашё манбаси, қишлоқ хўжалиги, қолаверса муҳожирлар манбаси. Катта истеъмол бозорига айланади, - дейди иқтисодчи.
Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириш масаласи Россияда яшаб ишлаётган минглаб ўзбекистонликлар учун жуда аҳамиятли. Бу қадамнинг босилиши ёда босилмаслиги ҳам уларнинг тақдирида ўз таъсирига эга. Шу боис, бу мавзу кўтарилганидан буён долзарблигича қолмоқда ва кўплаб баҳсу мунозараларга сабаб бўлаётир.
Би-би-си ўзбек хизмати Москвада ҳуқуқшунослар Ботиржон Шермуҳаммад ва Азамат Ҳайитов, иқтисодчи Жамшид Муслимов, Тверь шаҳридаги ўзбекистонликлар жамияти раҳбари Абдукарим Атажановлар иштирокида мусоҳаба уюштирди.
Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириш Ўзбекистонга ва Россиядаги ўзбекистонликларга нима беради ва ҳавотирларда қандай асос бор?
- Евроосиё иқтисодий иттифоқи Россиядаги ўзбекистонликларга хужжатларда енгиллик беради, - дейди ҳуқуқшунос Азамат Ҳайитов. - Мигрантлар келибоқ ишга жойлаша олади, патент расмийлаштиришдаги ҳаражатлар ва оворагарчиликлардан озод қилади. Талабарларнинг дипломлари нострификациясиз ҳам тан олинади. Ўзбекистонликлар ўз ҳайдовчилик гувоҳномалари билан ишлай олишади. Бу иттифоқ халқ учун манфаатли, деб ўйлайман.
Юрист Ботиржон Шермуҳаммадга кўра эса, бу каби имтиёзлар учун ЕОИИ га қўшилиш шарт эмас.
- Кафолот йўқки, Ўзбекистон ЕОИИга киргач, патентнинг бошқа бир муқобилини жорий қилиши мумкин, - дейди юрист. - Давлат ҳуқуқий бўлмас, қонунларни хурмат қилмас экан, бу давлат билан ишлаб бўлмайди.
Тверь шаҳридаги ўзбекистонликлар жамияси раҳбари Абдукарим Атажанов Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиши тарафдори. Диаспора вакилига кўра, бу иттифоқ ўзбекистонликлар учун ҳар жиҳатдан манфаатли бўлиши мумкин.
- Ўзбекистон - мустақиллик даврида бақувват оёққа туриб олган давлат, потенциали бўйича беш қўшнисидан кам келмайдиган мамлакат. Уни ривожлантириш учун ўзаро мулоқот бўлиши керак. Россия яқин қўшнимиз, ҳеч қаерга кета олмаймиз, - дейди диаспора раҳбари.
Шу билан бирга Абдукарим Атажанов бу ҳамкорликдан салбий оқибатлар эҳтимоли бўлса, чиқиб кетиш имконияти мавжудлигини таъкидлади.
Иқтисодчи Жамшид Муслимов бу фикрга эътирозини билдирди.
- Халқлар устида тажриба ўтказилмайди. Шундай ҳавотир борки, Ўзбекистон ЕОИИ га кирса, кучлироқ давлат учун ресурслар заҳираси бўлиб қолади: хом ашё манбаси, қишлоқ хўжалиги, қолаверса муҳожирлар манбаси. Катта истеъмол бозорига айланади, - дейди иқтисодчи.
Би-би-си баҳси қатнашчилари мунозарада ЕОИИнинг Ўзбекистон ва унинг халқи тақдирида иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий таъсирлари эҳтимоллари борасидаги фикрларини ҳимоя қилдилар.
Баҳсимизни кўринг ва ўз муносабатингизни билдиринг: Сиз қайси фикрга қўшиласиз, ёки бу борада яна қандай мулоҳазаларингиз бор.
Америка Савдо вазири Уилбир Росс Ўзбекистонни айни дамда Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиш оқибатларидан огоҳлантирди. Унга кўра, иттифоққа қўшилиш Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш муддатини чўзиб юборади. Иқтисодчилар вазирнинг гапларини мустақил Ўзбекистонга нисбатан босим сифатида талқин қилмоқда.
22 октябр куни Вашингтонда икки давлатнинг юқори лавозимли мулозимлари иштирокида ўтган Америка-Ўзбекистон бизнес форумида гапирган Америка Савдо вазири Уилбир Росс шундай деди:
"Бозор иқтисодиёти ислоҳотларининг муҳим мақсадларидан бири Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишидир. Биз ушбу ҳаракатларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Ўз ўрнида ўзбекистонлик ҳамкорларимизни Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишда янги келишувларнинг таъсирини диққат билан қараб чиқишга чақирамиз. Масалан, айни дамда Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиш Ўзбекистон раҳбарияти томонидан белгиланган Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш муддатини чўзиши ва мураккаблаштириши мумкин".
Ўзбекистон расмийлари Евроосиё иқтисодий иттифоқига ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик ўртасида зиддият йўқлигини таъкидлаб келади.
Кузатувчилар Ўзбекистон минтақада икки қудратли давлат Америка ва Россиянинг геосиёсий таъсири марказига айланганини айтишади.
Расмий Москвадан муносабат 26 октябр куни Россия Бош вазири Дмитрий Медведев томонидан янгради.
Россия ҳукумати раҳбари АҚШ Савдо вазири Уилбир Росснинг номи ва мақомини ҳам тилга олмади.
ТАСС ахборот агентлиги ёзишича, ҳатто, (огоҳлик Вашингтонда янграган эса-да - таҳр.) "Ўзбекистонда бўлиб турган вазирлари"дан биттаси, дея муносабат билдирди.
"Айни ўринда нима ҳам дейиш мумкин. Бу аниқ рақобатбардош бўлмаган кураш усулларидан фойдаланишдир", - деди.
Устига устак, Медведевнинг бу изҳороти ЕвроОсиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилиши чоғида янгради.
Расмий Вашингтон 22 октябр куни ўз Савдо вазири тилидан Ўзбекистонни ушбу Иттифоққа аъзолик оқибатларидан огоҳ этганди.
Эслатиб ўтамиз, 2 октябрь куни Ўзбекистонда бўлган Россия Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко Президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралар чоғида Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га қўшилиши "мавзусига бир неча маротаба қайтганликлари"ни айтган.
-
Ассалом, Совет Иттифоқи !