ноябр 16, 2019 12:17 Asia/Tashkent
  • Содиқ Сафоев АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси делегациясини қабул қилди

Куни кеча Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатида, Сенати раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси ҳамда Товар фючерслари савдоси бўйича комиссияси делегацияси билан учрашув ўтказилди.

Дарё сайтига кўра, учрашувда мамлакат тараққиётининг янги босқичида Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган чуқур таркибий ислоҳотлар, жумладан, иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар сезиларли натижа бераётганлиги, бу эса жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганлиги қайд этилди. Бу иқтисодиётнинг ўзаро боғлиқ секторлари умумий тизимининг марказий бўғинларидан бири бўлган капитал бозорига ҳам тааллуқлидир.

Капитал бозори ривожи умуман иқтисодиёт ривожланишида бевосита акс этади, чунки бу бозор хавф-хатарни инвестор ва компания ўртасида тақсимлаган ҳолда юқори даромадли инвестицияларни молиялаштириш имконини беради.

АҚШ делегацияси Ўзбекистонда капитал бозорини ривожлантириш учун катта салоҳият борлигини ва бундан тўлиқ фойдаланиш зарурлигини қайд этди. АҚШ қимматли қоғозлар бозорини кузатиш ва тартибга солиш функцияларини бажарувчи бош орган ҳисобланган АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси бу соҳада илғор тажрибани жорий этишда ва тегишли соҳа мутахассислари малакасини оширишда Ўзбекистон капитал бозори регуляторига кўмаклашишга тайёр эканлиги таъкидланди.

АҚШ Товар фючерслари савдоси бўйича комиссияси вакиллари ҳам рақобатбардош ва самарали фючерс бозорларини тарғиб қилишда ҳамда инвесторларни савдо амалиётидаги фирибгарликлардан ва жиноятлардан ҳимоя қилиш механизмларини амалиётга жорий этишда кўмаклашишга тайёр эканлигини билдирди.

Ёрлиқ