2019 йилда Ўзбекистонда содир бўлган энг шов-шувли жиноятлар
2019 йил ўтган давр мобайнида қатор жиддий жиноятлар Ўзбекистон аҳолиси эътибори марказида бўлди. Хорижий ва маҳаллий ОАВларда ёритилиб, жамоатчилик ўртасида муҳокама қилинган энг шов-шувли жиноий ҳуқуқбузарликлар ва мудҳиш ҳодисаларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Самарқандда она ўз қизларини пичоқлаб ўлдирди
Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида содир бўлган аянчли қотиллик кўпчиликни эсанкиратиб қўйди. 30 ёшни қоралаган Н.Хўжақулова (исм-шарифлари ўзгартирилган) эри Россияга ишлаш учун кетган вақтда, унинг укаси билан ишқий муносабат ўрнатади. Насиба биринчи турмушидан туғилган ҳали етти ёшга тўлмаган қизи Бахтигул сабаб қайнукаси билан жанжаллашиб қолиб, Бахтигулга 12 маротаба, 5 ёшга тўлмаган қайнукасидан туғилган Маҳлиёга эса 5 маротаба пичоқ уриб, ўлдиради.
Суд ҳукми билан Насиба 13 йил, Нурали 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Ўзбекистон собиқ бош прокурори пора олишда айбланди
2018 йилнинг январидан жорий йил ёз ойига қадар Ўзбекистон бош прокурори лавозимида ишлаган Отабек Муродов 20 июнь куни ўз лавозимидан озод этилди.
21 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сенатнинг 20-ялпи мажлисидаги чиқишида собиқ бош прокурорни танқид қилиб, унинг порахўрликда айбланаётгани ва унга нисбатан жиноий иш очилганлигини маълум қилди.
Бош прокуратура матбуот хизмати Отабек Муродовнинг аввалги собиқ бош прокурор, ДХХнинг собиқ раҳбари Ихтиёр Абдуллаев иши доирасида тергов қилинаётганини маълум қилган бўлса, президент матбуот хизмати Муродовнинг ишдан олиниши Ўзбекистон конституциясининг 93 модда, 12-бандига мувофиқ эканлигини билдирди.
ДХХ собиқ раиси 18 йилга қамалди
Давлат хавфсизлик хизмати собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Ихтиёр Абдуллаев жиноий уюшма ташкил этиб, мансаб ваколатини суистеъмол қилиш, уюшган гуруҳ ва жиноий уюшма манфаатларини кўзлаб, жуда кўп миқдорда пора олиш, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш, товламчилик, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ва шу каби бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.
Самарқандда бир оиланинг беш аъзоси ваҳшийларча ўлдирилди
15 апрель куни, Самарқанд вилояти Иштихон тумани Чимқўрғон маҳалласида яшовчи оиланинг 5 нафар аъзоси — эр-хотин, икки ўғил ва бир қизни ваҳшийларча ўлдириб, Қўшработ тумани Боқи қишлоғида Damas автомашинаси ичига ташлаб кетган. Уларга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд иши 4 сентябрь куни бошланган эди.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди биносида 6 сентябрь куни судланувчилар Ғолиб Ташанов (1981 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти — ўрта, оилали, уч нафар вояга етмаган фарзанди бор, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз), Жаҳонгир Усмонов (1993 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, миллати — ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта-махсус, оилали, икки нафар вояга етмаган фарзанди бор, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз), Шамшиддин Эсонбоев (1995 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, миллати — ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти — ўрта, уйланмаган, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз) ва Хабибулло Нурманов (1996 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, миллати — ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта-махсус, уйланмаган, муқаддам судланган, вақтинча ишсиз)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Юнусобод тумани ҳокими ўринбосари пора билан ушланди
Юнусобод тумани ҳокимининг капитал қурилиш, коммунал хўжалик, ободонлаштириш, саноат ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари Э.Зоҳидов таъмагирлик йўли билан пора олаётганда ушланган.
У ўзбошимчалик билан қурилган кўчмас мулкка ҳуқуқни тан олиш тўғрисидаги ҳоким қарорини чиқаришда ёрдамлашишга ваъда бериб, 5 минг долларни қўлга киритаётганида тезкор тадбир давомида қўлга олинган. 2019 йил 11 октябрь куни Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан Эркин Зоҳидовга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди (таъмагирлик йўли билан пора олиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Наманганда алимент тўлашни истамаган ота 2 ёшли фарзандини ўлдирди (видео)
Наманганда алимент тўлашни истамаган ота 2 ёшли фарзандини Шимолий Фарғона каналига отиб юборган. Хабарга кўра, ота ўз фарзандини кўриш баҳонасида бола онаси билан яшаётган уйга борган ва алдов билан уни олиб қочиб, каналга улоқтирган.
Ота фуқаролик ишлари бўйича Наманган тумани суди қарорига кўра ойлик даромадининг 70 фоизини алимент сифатида тўлаб бориши керак бўлган.
Сергелида эр-хотин 5 яшар қизчани гумдон қилди
Жорий йил 4 ноябрь куни фуқаро А.В. ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат қилиб, 5 яшар қизи Д.К.ни Бектемир туманида жойлашган “Compass” савдо мажмуасида йўқотиб қўйганлиги ҳақида маълум қилади.
Бир оздан сўнг эса Тошкент шаҳар прокуратураси қизчанинг Сергели туманидаги ижара уйида ўз онаси ва онасининг шаърий никоҳдаги эри билан яшаб келганлиги, 25 октябрь кечаси соат 03:00 лар атрофида спиртли ичимлик истеъмол қилган эр-хотин томонидан қизчанинг аввал дўппосланиб, сўнг ўлдирилганлигини маълум қилди. Қотил эр-хотин жиноятни ёпиш мақсадида шу куни тонгда қизча жасадини Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги ижарага олинган дала ҳовлига олиб боришади. Улар марҳума гўдакни аввал ўчоқда ёқиб, ёнмай қолган қолдиқларини қопга солиб, Чирчиқ дарёсига ташлаб юборишади.
Айни дамда қасддан содир этилган мазкур қотиллик бўйича А.В. ҳамда М.Ф. Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.