«Ўзбекнефтгаз»: Ўзбекистон нефт-газ саноати ўзгариши жараёнининг биринчи босқичи якунланди
«Ўзбекнефтгаз»: Ўзбекистон нефт-газ саноати ўзгариши жараёнининг биринчи босқичи якунланди
Президентнинг 2019 йил 9 июлдаги қарори билан “Ўзбекнефтгаз” учта асосий йўналишда фаолият юритувчи жамиятларга бўлинди.
Бундан буён “Ўзбекнефтгаз” АЖ нефт ва газ маҳсулотларини қазиб олиш ва ишлаб чиқариш билан шуғулланади. “Ўзтрансгаз” АЖ ички бозорда газни сотиш, ташиш ва харид қилувчи ташкилот ҳисобланади. “Ҳудудгазтаъминот” AЖ республика бўйича истеъмолчиларни табиий ва суюлтирилган газ билан таъминловчи ташкилотдир.
“Муборакнефтгаз” МЧЖ, “Шўртаннефтгаз” МЧЖ, “Устюртгаз” МЧЖ, “Газлинефтгазқазибчиқариш” МЧЖ, “Муборак газни қайта ишлаш заводи” МЧЖ юридик шахс ташкил қилмасдан “Ўзбекнефтгаз” AЖга қўшилди ва нефт ва газ қазиб олиш ва газни қайта ишлаш бошқармаларига айлантирилди.
“Нефтгазинвест” МЧЖ, “Нефтгазэкспорт” МЧЖ, “Ўзнефтегазгеология” МЧЖ “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибига қўшилган ҳолда фаолияти тўхтатилди. “Ўзбекнефтгаз” AЖ, “Ўзнефтгазқазибчиқариш” AЖ, “Ўзнефтмаҳсулот” AЖ, "Ўзнефтгазмаш" AЖни қайта ташкил этиш жараёни ниҳоясига етказилди.
“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти хабарига кўра, барча турдаги истеъмолчиларни қиш-куз мавсумида узлуксиз табиий газ билан таъминлаш мақсадида октябрь ойига нисбатан ноябрь ойида ўртача кунлик қўшимча 5 млн. куб.м табиий газ қазиб чиқаришга эришилган.
Ҳозирги кунда республика истеъмолчиларининг эҳтиёжи учун табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича қўшимча дастурлар ишлаб чиқилган бўлиб, келгусида табиий газга бўлган эҳтиёжни таъминлаш мақсадида тегишли чоралар кўрилмоқда, дейилади "Ўзбекнефтгаз" матбуот хизмати хабарида.