Андижонда газ ва электр узилишларидан чарчаган аҳоли кўчага чиқди
Кеча ижтимоий тармоқларда Андижондаги автомобиль йўлига одамларнинг чиқиб, транспорт воситалари ҳаракатини тўсиб қўйгани тасвирланган видео тарқалди.
Мазкур норозилик акцияси Андижон шаҳрининг «Далварзин» ва унга чегарадош Олтинкўл туманининг «Қўштепа» маҳалласида электр тармоғида кўп узилишлар бўлаётганлиги ҳамда табиий газ етказиб берилмаётганлиги ортидан келиб чиққан.
«Дарё» мухбири мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида «Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти билан боғланди.
«Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» матбуот хизмати раҳбари Шаҳнозахон Ҳамидованинг маълум қилишича, видео тарқалганидан сўнг мутахассислар тегишли тартибда воқеа жойига борган, муаммолар аниқланиб, бартараф этишга киришилган.
Ўрганишлар давомида Андижон шаҳар электр таъминоти корхонаси «Бобур» бўлими тасарруфидаги «Бахт» подстанциясидан чиқувчи 6 кВ «Жалабек» электр узатиш тармоғига уланган 84-сонли трансформатор пунктида носозлик келиб чиққани аниқланган.
Табиий газнинг йўқлиги натижасида ҳудудда электр энергиясига бўлган талаб ошган. Аҳолининг электр энергиясини маиший истеъмолдан ташқари овқат тайёрлаш, уйларни иситиш учун фойдаланганлиги оқибатида қуввати 100 кВа бўлган трансформаторда кучланиш даражаси кескин ортиб, носоз ҳолга келган.
Юқоридаги ҳолат бўйича корхона муҳандис-техник ходимлари томонидан тегишли чоралар кўрилган. 29 ноябрь куни марказий омборда мавжуд қуввати 160 кВа бўлган КТПС русумли трансформатор олиб келиниб, ўрнатилган. Айни пайтда янги трансформатор ишга туширилиб, аҳолини электр билан таъминлаш ишлари йўлга қўйилган.
Норозилик акцияси юзасидан Андижон вилояти ИИБ ҳам ўз муносабатини билдирди. Бошқарма матбуот хизмати раҳбари Шерзодбек Нуриддиновнинг айтишича, ушбу ҳолат юзасидан тезкор ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганишлар олиб борилган.
Ўрганишлар давомида Андижон шаҳри «Далварзин» маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан Олтинкўл тумани ҳудудидан яшаш хонадонларига бир неча йил аввал табиий газ тармоғини тортганликларини, бироқ шу йилнинг октябрь ойидан бошлаб, тармоқ ҳеч қандай асоссиз узилганлиги билдирилган.
Муаммо бўйича шаҳар ҳокимлигига бир неча маротаба мурожаат қилинган, лекин ижобий ҳал этилмаган. Электр таъминотида кун давомида 5—6 марта узилишлар бўлаётгани ҳам одамларга қийинчилик туғдирган. Натижада аҳоли муаммони ҳал қилишда ёрдам беришлари лозимлигини мутасаддиларга билдириш учун йиғилган.