Спецприёмник қоровуллари ўзбек қизларга жинсий алоқа таклиф қилишяпти
(last modified Thu, 02 Jan 2020 06:34:06 GMT )
Январ 02, 2020 11:34 Asia/Tashkent
  • Спецприёмник қоровуллари ўзбек қизларга жинсий алоқа таклиф қилишяпти

"Биз Санкт-Петербургдаги "Красное село" чет эл фуқароларини вақтинчалик сақлаб туриш марказидан мурожаат қиляпмиз. Бу ерда 800 га яқин Ўзбекистон фуқаролари ушлаб турилибди. Шароити шунчалик ёмонки, бундай жойда ҳайвонлар ҳам яшамайди", деб ёзишди таҳририятимизга муҳожирлар.

Би-би-си ўзбек хизмати Санкт-Петербургдаги мигрантлар билан гаплашиб, у ердаги вазият ҳақида тўлиқроқ маълумот олишга муваффақ бўлди.

- Хоналар совуқ ва захлигидан кўпчилик касал. Орамизда кекса ёшли кишилар, 3-4 ойдан буён "ўтирганлар" бор. Бир хонада ўнлаб одам, ҳаво йўқ, овқатларини эса умуман еб бўлмайди, — деди исми сир қолинишини сўраган муҳожир.

Яна бир муҳожир марказдаги хотин-қизларнинг аҳоли бундан-да оғирлигини гапирди:

- "Охранниклар хотин-қизларимизга яхши шароит эвазига улар билан жинсий алоқа қилишни бир неча бор таклиф қилишди. Бизга эса  мол билан бўлгандек муносабат қилади. Илтимос, ёрдам беришингизни сўраймиз. Ҳеч бўлмаса, хотин-қизларимиз ва қариларни бу ердан олиб кетишсин".

Мигрантлар қамоқхонасидаги ўзбекистонликларнинг айтишича, улар шароит юзасидан расмийларга шикоят билан мурожаат қилишган.

- "Консуллик ва Ташқи Меҳнат Миграция агентлиги умуман ёрдам бермаяпти. Миграция агентлигини Санкт-Петербургдаги вакили Зоҳиджон Асқаровга чиқдик, "Ўзбекистонни пули йўқ сизларни қайтаришга деди". Консулликнинг Зафар исмли ходими бир неча бор телефонни кўтариб, бақириб-бақириб қўйиб қўйди", — дейишди муҳожирлар.

Image Caption

- Аллергия, касалликлар кўп. Бир мигрант ўлиб қолди бу ерда. Келганимга 50 кун бўлди. Кета олмаяпмиз, пулимиз йўқ, — дейди каттароқ ёшли киши камерага қараб.

Атрофдан йўтал овозлари эшитилиб турибди. Хонадагилар консуллик билан боғланишга уринишаётгани, телефонларни кўтаришмаётганини айтишган.

Яна бир мигрант бу ерга тушганига 62 кун бўлганини айтган.

Телефонга тасвирга олган муҳожир хонадаги шароитларни кўрсатади: 10 киши бир хонадалиги кўринган, 2 қаватли кроватдан 4 таси тасвирга тушган. Хона ўртасидаги столда буханка нон бўлаги, кесилган пиёз, икки дона бир марталик чой солинган катта кастрюлдаги рангсиз чой ва кружкалар кўриниб турибди. Қўл артишга сочиқ ўрнига ҳожатхона қоғози қўйилган.

Биз мазкур масала бўйича Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги консуллиги билан боғланишга уриндик, ҳозирча телефонларимизга жавоб беришмаяпти. Аммо бу мавзуга яна қайтамиз.

                                                           BBC

Ёрлиқ