2019 йилда Ўзбекистонда янги очилган масжидлар (Фото)
Масжидлар – мўмин мусулмонлар учун энг муқаддас ва қадрли жой ҳисобланади. Фақатгина ибодат маскани сифатида эмас, ўзаро меҳр оқибат, ҳамжиҳатлик ва дўстлик ришталарини боғловчи жой сифатида ҳам эътиборга моликдир.
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг маълум қилишича, 2019 йилда юртимизда 10 та янги жоме масжид очилиб, шу билан масжидлар сони 2066 тага етди.
Жумладан, Тошкент шаҳрида улуғ алломалар номидаги “Сузук ота”, “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф”, “Файзулла хўжа ўғли Мурод ҳожи”, Сурхондарё вилоятида “Ҳаким Термизий”, “Шайх Шамсиддин”, “Имом Низомиддин Сангардакий”, Наманганда “Муҳаммад ал-Амин”, Фарғонада “Чилигижийда”, Навоийда “Абу Бакр Сиддиқ” ва Тошкент вилоятида “Абу Ҳурайра” масжидлари ҳамда Бухородаги Қоровулбозор туманида “Абдуллоҳ ибн Муборак” номли янги жоме масжид иш бошлаган.
Шунингдек, республикамиз бўйлаб 30 та жоме масжид биноси бутунлай қайтадан қурилган ва 60 та масжид капитал таъмирдан чиқарилди.
Хабарда айтилишича, мазкур хайрли ишлар 2020 йилда ҳам давом этади.