Ўзбекистонда янги турдаги молиявий пирамидалар пайдо бўлмоқда
Ўзбекистонда “молиявий пирамидалар” кўринишидаги турли фирибгарлик схемаларидан, шу жумладан, крипто активлардан фойдаланиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда. Бу ҳақда Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги хабар қилди.
Таъкидланишича, одатда келиб чиқиши чет элларда бўлган жиноий гуруҳлар ҳар хил электрон платформалар, сайтлар ва ахборот тизимларини ташкил қилиш орқали ноқонуний бойлик орттириш мақсадида аҳолининг бўш пул маблағларини жалб қилиш учун Ўзбекистон бозорига кирмоқда.
Бундай лойиҳаларнинг жозибадорлигини ошириш ва кўп сонли иштирокчиларни жалб қилиш учун тармоқ маркетинги деб номланувчи усул ва "Понци схемаси" элементларидан фойдаланилади.
“Понци схемаси” молиявий пирамидани ташкил этишнинг жиноий схемаси бўлиб, у аввалги инвесторларнинг даромадларини янги инвесторлардан олинган маблағлар ҳисобидан тўлашни назарда тутади. Аввалига бу жуда фойда келтирувчи схема бўлиб кўриниши мумкин, аммо у одатда янги инвесторларнинг маблағлари оқими эскиларига тўловларни амалга ошириш учун етарли бўлмай қолгандан сўнг бузилади”, - дейилади хабарда.
Агентлик хабардорлик ва ҳушёрликни ошириш мақсадида бундай шубҳали лойиҳаларнинг асосий белгиларини маълум қилди:
- компаниянинг келиб чиқиш жойи номаълум;
- ҳар қандай молиявий жавобгарликни рад этиш ва иштирокчидан битим ёки шартномада барча хатарларни қабул қилишга рози эканлигини талаб қилиш;
- шубҳали ёки оддий фойдаланувчи учун тушунарсиз хизматлар/маҳсулотлар;
- муайян платформада келгусида ишлаш учун маблағларни мажбурий инвестициялаш бўйича талабларнинг мавжудлиги;
- янги иштирокчиларни жалб қилиш орқали даромад олишнинг кўп босқичли дастурининг мавжудлиги;
- ушбу лойиҳага маблағ киритган бошқа иштирокчиларнинг юқори даромадларини намойиш этиш орқали жозибадорликни ошириш;
- потенциал иштирокчиларнинг зарур билимлари йўқлигини ҳисобга олган ҳолда “криптовалюталарнинг юқори истиқболлари” билан манипуляция қилиш;
- компаниянинг гўёки кенг кўламли фаолиятини кўрсатиш ва лойиҳага кенг аудиторияни жалб қилиш мақсадида йирик тадбирларни ташкил қилиш;
- иштирокчиларга маълум малака ёки бошқа талаблар қўйилмаслиги.
Агентлик шубҳали молиявий схемалар асосида иш юритаётган айрим компанияларнинг фаолияти тўғрисида бирон бир маълумот эга бўлганлардан қонунда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар беришингизни сўраган.