Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёева истеъфога чиққан
Ўзбекистон АОКА-да 29 январь куни администрация раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов бошчилигида ўтказилган мажлисда АОКА директори вазифасини бажарувчи Комил Алламжонов ва директор ўринбосари Саида Мирзиёева келгуси меҳнат фаолиятларини нодавлат секторда давом эттириш режалари билан боғлиқ мурожаатларини Президент администрациясига киритгани ва Президент администрацияси томонидан ушбу мурожаатлари кўриб чиқилиб, қондирилгани ҳақида эълон қилинди.
Дарё сайтига кўра, тадбир доирасида агентлик директори вазифасини бажарувчи Комил Алламжонов ва директор ўринбосари Саида Мирзиёева ўз раҳбарлик фаолияти давомида амалга оширган ишлари ҳақида қисқа ҳисобот бериб, шунингдек, келажакдаги жамоатчилик йўналиши билан боғлиқ режалари борасида фикр билдирди.
Мажлис якунида Президенти администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов агентлик томонидан эришилган ютуқларни алоҳида таъкидлаб, Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёеванинг Ўзбекистоннинг ОАВ соҳасида демократик ислоҳотларни амалга оширишда, журналист ва блогерларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, давлат органлари раҳбарларининг масс-медиа билан ўзаро муносабатлари самарадорлигини оширишдаги шахсий ҳиссаларини юқори баҳолаб, Ўзбекистон давлати ривожланиши йўлидаги келгуси ишларига зафарлар тилади.
Шунингдек, шу вақтгача АОКА раҳбари биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Дилшод Саиджонов Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.