Шавкат Мирзиёев Миллий университет талабасини вазир ўринбосари этиб тайинлади
Президент билан учрашувда таълим соҳасига оид инновацион таклиф киритган Миллий университетнинг магистратура талабаси вазир ўринбосари лавозимини эгаллайдиган бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Миллий университетининг 2-босқич магистратура талабаси Юсуф Абсоатовни Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари этиб тайинлаш ҳақида кўрсатма берди. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Абсоатов 31 январь куни президент билан учрашувда таълим соҳасига оид таклифини илгари сурган.
У давлат раҳбарига ОТМлар ва мактабларни ўзаро электрон тарзда улаб, онлайн дарслар ташкил этиш ғояси ҳақида сўзлаб берган.
Эндиликда 30 ёшли магистратура талабаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазирининг ахборот технологиялари бўйича ўринбосари сифатида иш бошлаши кутилмоқда. Вазирликда бундай лавозим янги таъсис этилади.
Маълумот учун, Юсуф Абсоатов кимё технологиялари соҳасида ўқимоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кеча Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига ташриф буюриб, олимлар, ёш тадқиқотчилар, ишлаб чиқариш вакиллари ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари билан учрашди.