Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 2 январ-2феврал кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.
Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:
- Шавкат Мирзиёев Миллий университет талабасини вазир ўринбосари этиб тайинлади.
- Тошкентда C5+1 учрашуви бўлиб ўтди.
- Ўзбекистон-Хитой ўртасидаги парвозлар вақтинча тўхтатилди.
- Бир ҳафта ичида Хитойдан Ўзбекистонга келувчилар сони 5 бараварга ошди.
- Британияда Гулнора Каримованинг учта уйи борлиги аниқланди.
- «Аҳмадбой»дан жабрланганларнинг пулларини қисман қайтариш бошланди.
- Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёева истеъфога чиқишди.
- Қорақалпоғистондаги кўркам намозхона бузиладими?
Энди энг муҳим мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Миллий университетининг 2-босқич магистратура талабаси Юсуф Абсоатовни Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари этиб тайинлаш ҳақида кўрсатма берди. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Абсоатов 31 январь куни президент билан учрашувда таълим соҳасига оид таклифини илгари сурган.
У давлат раҳбарига ОТМлар ва мактабларни ўзаро электрон тарзда улаб, онлайн дарслар ташкил этиш ғояси ҳақида сўзлаб берган.
Эндиликда 30 ёшли магистратура талабаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазирининг ахборот технологиялари бўйича ўринбосари сифатида иш бошлаши кутилмоқда. Вазирликда бундай лавозим янги таъсис этилади.
Маълумот учун, Юсуф Абсоатов кимё технологиялари соҳасида ўқимоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кеча Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига ташриф буюриб, олимлар, ёш тадқиқотчилар, ишлаб чиқариш вакиллари ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари билан учрашди.
Х Х Х
Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида АҚШ давлат котиби Майкл Помпео ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари иштирокида “C5+1” шаклидаги учрашуви бўлиб ўтди.

Тошкент йиғилишда Қозоғистондан Мухтор Тлеуберди, Қирғизистондан Чингиз Айдарбеков, Тожикистондан Сирожидин Мухриддин, Туркманистондан Рашид Мередов ҳамда Абдулазиз Камиловлар иштирок этишди.
Делегациялар раҳбарлари ўз нутқларида 2015-йили Самарқанд шаҳрида бошланган вазирлар учрашувларининг формати ўзаро манфаатли ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва кенгайтиришнинг долзарб ва самарали механизми сифатида ўзини намойиш этгани қайд этдилар.
“C5+1” доирасидаги юқори даражадаги алоқалар доимий ва барқарор тус олаётгани таъкидланди. Минтақавий ривожланишнинг долзарб йўналишлари, хусусан иқтисодиёт, энергетика, транспорт, экология ва хавфсизлик бўйича амалий ҳамкорлик изчил тадбиқ этилмоқда.
Шунингдек, вазирлар учрашувида долзарб минтақавий муаммолар, хусусан Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди.
Х Х Х
Бир ҳафта ичида Хитойдан Ўзбекистонга келувчилар сони 5 баравар ошди, лекин Хитойга борувчилар сони 3 баравар қисқарди. Бу ҳақда Aviasales матбуот хизмати хабар берди.
Aviasales‘нинг ёзишича, Хитой ҳар доим ўзбекистонликлар кўп борадиган мамлакат бўлган. Декабрь ойида Хитой ўзбекистонликлар энг кўп борадиган давлатлар ичида 8-ўринни эгаллаган бўлса, январь ойида Полша ва Белорусдан кейин 11-ўринга тушиб қолди.
Ўзбекистонликлар кўпроқ Шанхай, Пекин, Чэнду, Урумчи ва Наньчан шаҳарларидан қайтишмоқда.
Х Х Х
Лондонда 2та квартира ва шаҳар ташқарисидаги қасрнинг умумий қиймати 40 млн фунтдан ортиқ.
Инглиз матбуотида Гульнора Каримованинг Бирлашган Қиролликдаги кўчмас мулклари ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.

The Times хабарига кўра, Лондонга туташ Суррей графлигидаги Gorse Hill Manor номли йирик мол-мулк Каримова номида. У мазкур ҳашаматли манзилни 2010 йилда 18 млн фунт стерлинг (23,5 млн доллар)га сотиб олган.
Кўчмас мулкнинг ҳозирги нархи 30 млн фунт (39 млн доллар)ни ташкил этади.
Daily Mail`нинг қўшимча қилишича, Gorse Hill Manor 1912 йилда қурилган бўлиб, қайиқда сайр қилишга мўлжалланган кўл ва 70 минг кв.м. майдонни эгаллаган боғларни ҳам ўз ичига олади.
Каримованинг бу данғиллама ҳовли-жойи яқинида Бруней султонининг қасри ҳам жойлашган.
Маълум бўлишича, Ўзбекистоннинг биринчи президенти тўнғич қизининг Лондонда иккита квартираси ҳам бор. Бири – Мейфэр туманида (нархи 8 млн фунт), иккинчиси эса Белгравия туманида (нархи 2 млн фунт).
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил октябрь ойида Буюк Британия ҳукумати Каримованинг қироллик ҳудудидаги учта кўчмас мулк объектини хатлаш даъвоси билан судга мурожаат қилган, ўшанда Ўта йирик миқдордаги фирибгарликларга қарши курашиш бюроси (Serious Fraud Office) гап айнан қайси мулклар ҳақида кетаётганига аниқлик киритмаган эди.
2015 йилдан буён ҳибсда қолаётган Каримова 2019 йил ёзида Ўзбекистон президентига мурожаат қилиб, халқдан кечирим сўраган эди.
2020 йил январидан Тошкентда биринчи президентнинг қизига оид навбатдаги жиноий иш бўйича суд иши бошланди.
Х Х Х
Ўзбекистон АОКА-да 29 январь куни администрация раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов бошчилигида ўтказилган мажлисда АОКА директори вазифасини бажарувчи Комил Алламжонов ва директор ўринбосари Саида Мирзиёева келгуси меҳнат фаолиятларини нодавлат секторда давом эттириш режалари билан боғлиқ мурожаатларини Президент администрациясига киритгани ва Президент администрацияси томонидан ушбу мурожаатлари кўриб чиқилиб, қондирилгани ҳақида эълон қилинди.

Дарё сайтига кўра, тадбир доирасида агентлик директори вазифасини бажарувчи Комил Алламжонов ва директор ўринбосари Саида Мирзиёева ўз раҳбарлик фаолияти давомида амалга оширган ишлари ҳақида қисқа ҳисобот бериб, шунингдек, келажакдаги жамоатчилик йўналиши билан боғлиқ режалари борасида фикр билдирди.
Мажлис якунида Президенти администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов агентлик томонидан эришилган ютуқларни алоҳида таъкидлаб, Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёеванинг Ўзбекистоннинг ОАВ соҳасида демократик ислоҳотларни амалга оширишда, журналист ва блогерларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, давлат органлари раҳбарларининг масс-медиа билан ўзаро муносабатлари самарадорлигини оширишдаги шахсий ҳиссаларини юқори баҳолаб, Ўзбекистон давлати ривожланиши йўлидаги келгуси ишларига зафарлар тилади.
Шунингдек, шу вақтгача АОКА раҳбари биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Дилшод Саиджонов Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.