Самарқанд-Тошкент-Санкт-Петербург йўналишида мунтазам автобус қатнови йўлга қўйилади
(last modified Thu, 13 Feb 2020 11:25:46 GMT )
феврал 13, 2020 16:25 Asia/Tashkent
  • Самарқанд-Тошкент-Санкт-Петербург йўналишида мунтазам автобус қатнови йўлга қўйилади

Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан Россия Федерациясига бораётган йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Самарқанд-Тошкент-Санкт-Петербург йўналишида мунтазам халқаро автобус қатновлари йўлга қўйилади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар қилди.

Мазкур йўналишда илк қатнов жорий йилнинг 25 февраль кунидан бошланади. Қатновлар шу кундан бошлаб кун ора амалга оширилади. Йўналишда Ўзбекистон томонидан "Uzautotrans service" МЧЖ ва Россиянинг "ТТК ГЛОБУС" МЧЖ йўловчиларга хизмат кўрсатади.

Қатнов Самарқанд автовокзалидан соат 09:00 бошланади ва “Тошкент” автовокзалидан автобус 15:00 жўнайди. Қатнов масофаси 4436 км.ни ташкил этади. Йўловчилар Санкт-Петербург марказий автовокзалига элтиб қўйилади.

Мазкур йўналиш бўйлаб чипта нархи Самарқанддан 840000 сўм, Тошкентдан эса 800000 сўмни ташкил этади.

Шунингдек, жорий йилнинг 15 февраль кунидан эътиборан Тошкент-Омск йўналишида ҳам мунтазам автобус қатновлари йўлга қўйилади. Мазкур йўналиш бўйича чипта нархи 450000 сўм этиб белгиланган.  

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Россия Федерациясига Тошкент-Нижний Новгород, Тошкент-Қозон, Тошкент-Москва йўналишларида мунтазам автобус қатновлари ҳам амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда транспорт вазирлиги Россия Федерациясининг бошқа шаҳарларига ҳам мунтазам автобус қатновларини йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Шаҳарлараро ва халқаро йўналишлардаги мунтазам автобус қатновлари ва чипта нархлари бўйича тўлиқ маълумотларни “Тошкент” автовокзалининг (71) 207-87-00 телефон рақамлари орқали олиш мумкин.

Sof.uz

Ёрлиқ