Мусулмонлар идораси фатво масаласида янги сайтни ишга туширди
(last modified Fri, 13 Mar 2020 16:18:24 GMT )
март 13, 2020 21:18 Asia/Tashkent
  • Мусулмонлар идораси фатво масаласида янги сайтни ишга туширди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мўмин-мусулмонларнинг диний мазмундаги саволларига тез ва қулай равишда жавоб олишларини таъминлаш мақсадида, интерактив ва инновацион хизматларни ўз ичига олган www.fatvo.uz сайтини ишга туширди. Бу ҳақда идора ахборот хизмати хабар қилмоқда. Таъкидланишича, мазкур сайт диний савол-жавоб йўналишида энг замонавий хизматларни ўзида мужассам этган.

Эндиликда, ушбу сайтдан фойдаланувчилар шаръий масалаларга оид ўз саволларини сайтнинг “Савол юбориш” бўлими орқали йўллашлари мумкин. Савол матнига аудио, видео ва суратларни илова сифатида тақдим этиш имконияти ҳам тақдим этилган. Берилган саволларга фатво соҳасида етарли билим, тажриба ва юқори малакага эга бўлган мутахассислар томонидан батафсил жавоблар қайтарилади.

Image Caption

Фойдаланувчилар “Излаш” тугмаси орқали ўзлари учун зарур бўлган мавзулардаги мавжуд шаръий савол-жавобларни топиб, мутолаа қилишлари мумкин.

2020 йил 10 март кунидан эътиборан мазкур сайт тест режимида ўз иш фаолиятини бошлади.

Хабарда таъкидланишича, келгусида ушбу сайтни фатво ва шаръий масалалар йўналишида қомусий манбага айлантириш нияти мавжуд.