Ўзбекистонда коронавирус аниқланган яна бир бемор вафот этди
(last modified Wed, 08 Apr 2020 07:53:09 GMT )
апрел 08, 2020 12:53 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонда коронавирус аниқланган яна бир бемор вафот этди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тасдиқланган яна бир бемор ўпка ва юрак етишмовчилигидан вафот этди.

 Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тасдиқланган бемор ўпка ва юрак етишмовчилигидан вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби хабар қилмоқда.

Қайд этилишича, Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшовчи фуқаро Ш. шу йилнинг 30-март куни тез тиббий ёрдам орқали оғир аҳволда вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Унга барча зарур муолажалар кўрсатилган.

Шу йилнинг 31- март куни беморга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида республика Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасига ўтказилган. Зудлик билан амалга оширилган лаборатор таҳлил натижаси унда коронавирус инфекцияси борлигини тасдиқлаган.

40 ёшли бемор ушбу клиниканинг реанимация бўлимида сунъий нафас олиш аппаратида бўлган. Даволаш стандартларига мувофиқ, вирусга қарши, антибактериал, инфузион, муколитик, симптоматик ва респиратор терапия муолажалари ҳам олиб борилган.

Бироқ қатор соҳа мутахассисларининг ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан кеча оқшом беморнинг аҳволи кескин ёмонлашган. Берилган тавсияларни тўлиқ бажарилишига қарамасдан бемор Ш.да юрак ва ўпка етишмовчилиги сабаб юрак фаолияти тўхташи кузатилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтирганлар сони 534 нафарга етган. Мамлакатда 30 нафар бемор соғайган. Ушбу ҳолат билан коронавирусдан вафот этганлар уч кишини ташкил этмоқда.