Андижонлик депутат 173 минг долларлик хайрия қилди
“Миллий тикланиш” партияси аъзоси бўлган “Grand farm trade” компанияси раҳбарияти томонидан бир миллиард олти юз эллик миллион сўмлик хайрия ёрдами кўрсатилди.
Коронавирус инфекциясини тарқалишини олдини олиш ва халқимизнинг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган хайрия тадбирларига ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида “Grand farm trade” кампанияси ҳудудий филиали раҳбари, Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутати Қаҳрамонжон Отахонов бошчилигида компания раҳбарияти эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож қатламларига озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бермоқда.
Айни пайтгача Тошкент вилоятининг мингта хонадонига жами беш юз эллик млн. сўмлик хайрия ёрдамлари тарқатилди.
Акция Тошкент, Андижон, Наманган вилоятларида ўтказилиши режалаштирилган.
Ҳар бир вилоятдан мингтадан хонадонга 300 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, 250 минг сўмдан пул, жами битта оилага 550 минг сўмлик ҳайрия ёрдамлари кўрсатилади.
Умумий ҳисоблаганда битта вилоятнинг ўзига беш юз эллик миллион сўм ҳайрия қилинади.
Бундан ташқари депутат Андижон шаҳридаги дорихоналарда эҳтиёжмандлар учун бепул дорилар бурчакларини ташкил этиб, намуна кўрсатган эди.